КОРОНАВИРУСДАН КИМДИР ҚАШШОҚЛАШДИ, КИМДИР БОЙ БЎЛДИ…
Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият давлатларида карантин ҳолати ҳукм сурмоқда. Одамлар уйда ўтирибди. Харажатлар деярли кам. Бунинг орқасидан кўпгина тижорат компаниялари, фирмалар, дўконлар инқирозга юз тутди. Аммо дунёдаги йирик компанияларни ҳам инқироз ёқасида деб бўлмайди. Аксинча, улар элга келган балодан ҳам пул йўниш йўлини топишган.
Бундай компаниялар сирасига «Alphabet» «Apple», «Facebook» ва «Amazon» кабиларни киритиш мумкин.
«Google» ва «Facebook» асосан рекламанинг орқасидан кун кўради. Кўп компаниялар эса реклама харажатларини камайтиришган ёки буткул тўхтатишган. Бироқ бу компаниялар бошқа усуллар ёрдамида инқироздан сақланишмоқда. Нафақат сақланишмоқда, балки даромад ҳам кўришмоқда.
Масалан, «Apple» компаниясининг маҳсулотлари сотуви коронавирус туфайли кескин қисқариб кетган. Лекин интернет хизматидан келадиган даромад аксинча ошди. «Amazon» ҳам интернет орқали онлайн савдони йўлга қўйган. Бу компания ҳам даромад кўришда давом этмоқда.
Компания раҳбари Жефф Безос сармоядорларни олдиндан катта миқдорда дивиденд кутмаслик ҳақида огоҳлантирган. Аслида пули бор. Лекин беришни истамайди. Ҳадеганда коронавирус, пандемия, карантинни рўкач қилади. Шу йўл билан компаниясини инқирозга юз туттирмай олиб чиқишни мўлжаллаган.
«Microsoft» раҳбари Сатья Наделла ҳам пандемия жараёнида компания даромади камаймаганини, балки ошганини маълум қилган. Биладики, пандемия шароитида бу каби йирик гигантларга илгаригидек босим ўтказилмайди. Улар вазиятдан тўғри фойдаланиб ўзларини янада мустаҳкам тутиб олишади. Аммо Америка собиқ президенти Барак Обаманинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Жейсон Фурман айтдики, бу нарса кейинчалик қўшимча молиявий муаммоларни келтириб чиқаради. Гигантлар ҳеч кимга бўйин эгмай қўйишади.
Шу ҳафтада Америка ва Европанинг бир қатор давлатлари иқтисоди жуда ёмон кўрсаткичларни намоён этди. Шунга қарамасдан, Американинг қимматбаҳо қоғозлари 30 йилдан бери биринчи марта ажойиб натижаларни қайд этди. Яъни, фойда даҳшатли даражада катта бўлди.
Мисол учун «Amazon» ва «Netflix» компаниялари акциялари нархи 40 фоизгача кўтарилди.
Демак, яна бир бор айтиш мумкинки, коронавирус пандемияси кимларгадир кўнгилсизлик, қашшоқлик ато этса, кимларгидир жарақ-жарақ пулларни ҳадя этади.
Ишқилиб охири бахайр бўлсин!