Европа парламенти депутатлари: Россия коронавирус баҳонасида санкциялар бекор қилинишига эришмоқчи
![Европа парламенти депутатлари: Россия коронавирус баҳонасида санкциялар бекор қилинишига эришмоқчи](https://gdb.rferl.org/5A1042A8-7761-4CDC-8422-C59064F4F885_w800_h450.jpg)
Европа парламентининг бир гуруҳ аъзоси Москвани коронавирус пандемияси баҳонасида Россияга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига эришишни кўзлаётганини таъкидлади.
3 апрель куни ёзилган ва Озодлик танишиб чиққан мактубда Россия пандемиядан азоб чекаётган Европа давлатларига юборган ёрдам «жамоатчилик билан алоқалар кампанияси» доирасида кўрилган чора эканлиги айтилади.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель ҳамда Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррелларга йўлланган мактубни Европа парламентининг 19 нафар аъзоси имзолаган.
Мактуб муаллифлари пандемия туфайли Россия Федерациясига қарши санкцияларни қайта кўриб чиқмасликка чорлаган.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин коронавирус туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни музлатишни таклиф қилган эди. Хусусан, Катта йигирматалик аъзолари ўтказган видео анжуманда қатнашган Путин гуманитар нуқтаи назардан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси билан курашаётган давлатларга қарши санкциялар бекор қилиниши кераклигини таъкидлади.
Европа парламенти аъзолари мактубида Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаб келгани учун жорий қилинган санкциялар «Россия ўз фуқаролари соғлиғини тегишли тарзда ҳимоя қилишига тўсқинлик қилмайди», дейилади.