Эрон яқин кунларда Ер орбитасига йўлдош чиқаради
Эрон яқин кунларда Ер орбитасига илмий кузатишларни олиб бориш учун сунъий йўлдош чиқаришини тасдиқлади.
1 февраль кунги баёнотида Эрон миллий фазо агентлиги ходими Муртазо Берарий “Зафар” номи берилган йўлдош айнан қачон учирилишини очиқламади, лекин 113 кг. вазнга эга сунъий йўлдош Simorgh ракетаси бортида Ер сатҳидан 530 км баландликка чиқарилишини айтди.
Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Эрон сунъий йўлдош дастури баҳонасида аслида баллистик ракета технологиясини ишлаб чиқишга уринаётганини айтиб келади.
AFP агентлигига берган интервьюсида Берарий йўлдош фақат тинч мақсадларда қўлланилишини таъкидлади.
Ўтган йилнинг январь ва февраль ойларида Эроннинг Ер орбитасига йўлдош чиқариш уринишлари муваффақиятсизликка учраган эди.
Эрон расмийларига кўра, жорий йилда Теҳрон бешта йўлдошни орбитага чиқаришни режалаштирмоқда.