Мирзиёев: амалдорнинг харажат ва даромадини текширувчи коррупция агентлиги тузилади
Ўзбекистонда давлат хизматчилари харажатлари ва даромадларининг мувофиқлиги устидан назорат ўрнатилади.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, 31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашувда шуни маълум қилган.
Буни маълум қиларкан, президент Шавкат Мирзиёев, кичкина бир божхона пости бошлиғининг уйидан 400 минг доллар топилганини айтиб ўтган.
"Бир кичкина постнинг раҳбари. 400 минг доллар. У ҳали бир кунлик. Дунё ҳамжамияти бизни тан олсин, деб шунча ҳаракат қилаяпмиз… Битта постнинг бошлиғи 400 минг доллар ўғриласа нима бўлади?" деган президент.
Шу тариқа, Мирзиёев агар мансабдорнинг даромади харажатларига тўғри келмаса, қонун олдида жавоб берадиган муҳит яратилишини таъкидлаб ўтган.
"Нима учун коррупция агентлиги тузаяпмиз? "Ура-ура" қилиш учун эмас. Энди амалда коррупция тамойиллари — уйини кўриб, юришини кўриб, вазирми, бошқами, бу уйни қуришга қаердан омил топди, машинани қаердан олибди, боласини нимага (ниманинг ҳисобига) ўқитаяпти? Омиллар қаерда, деган саволга ҳар бир раҳбар энди жавоб берадиган вақт келди…", дея президентдан иқтибос келтиради Gazeta.uz нашри.
Ўтган йилнинг октябрь ойида тақдим этилган президент қарори лойиҳасида 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич амалга оширишни бошлаш таклиф қилинган эди.
Ҳужжат ҳозирча қабул қилингани йўқ.