СНАЙПЕР… (10-қисм)
* * *
Настя холани бағрига босганча турарди-ю, Мирсоли қувончдан ёрилай дерди. Тақдирига, бундай кутилмаган бахтга, тасодифга сира ишонгиси келмасди.
«Худойим, — дея ўйларди у кўзларини юмган ҳолда янги ва асл онасининг ҳидига тўймай тамшаниб. — Катта йўлга чиққан илк кунларимданоқ ўзинг менга ҳамроҳ бўлдинг. Сира мушкулотларга кўмиб қўймадинг, ишларимни ўнгидан келтирдинг. Нимагаки интилсам, осонгина эришавердим. Бегона юртга келиб ҳам ҳали бирор марта қоқинганим йўқ. Ҳаммаси сенинг шарофатинг билан, худойим. Мана, онам ажнабий эканини, ҳаётлигини, бир умр мени ёниб кутганини кўрдим, ҳис этдим, севиндим. Ўзингга шукр! Бундан кейин ҳам марҳаматларингдан мосуво қилма! Биласан, мен отам раҳматлининг ўгитларини ерда қолдирмасдим, доимо унга қулоқ тутардим, отамнинг маслаҳати билангина иш тутардим. Кам бўлмадим. Энди онажонимнинг умрини узун қил, бу ўзингга осон! Токи, мендай бадавлат ўғлининг даврида даврон сурсин! Гуноҳларимни ўзинг кечир, худойим!..»
Шуларни кўнглидан кечираркан, Мирсоли беихтиёр, титроқ исканжасида шивирлади.
— Эна, мен бахтлиман! Мен жуда бахтиёр ўғилман! Ишонасизми шунга? Сиз-чи? Сизам бахтлимисиз энди? Эна! Нега индамайсиз?..
Саволларига жавоб ололмагач, Мирсоли бирдан сергакланди ва Настя холанинг елкасидан тутиб, юзларига боқди. Не кўз билан кўрсинки, онасининг ранги докадек оқариб кетибди, эшитилар-эшитилмас ҳарсиллар, кўзларидан дув-дув ёш тўкарди.
— Эна! Сизга нима бўлди, эна? Кўзингизни очинг!..
Шундай деб Мирсоли жонҳолатда Настя холани даст кўтариб олди-да, диванга ётқизди.
— Эна! Нега бундай қиляпсиз? Мазангиз қочдими? Сув берайми? Нима қилай, эна?
Настя хола базўр кўзларини очди-да, юрагига кафтини босиб, нимагадир ишора қилди.
— Нима?.. Ҳозир! Ҳозир «Тез ёрдам» чақираман!..
У англаб етганди. Онасининг юрагига нимадир бўлганини чуқур ҳис этганди.
Иккилана-иккилана, Настя холага тикилиб турди-да, йўлакка чопди. Телефон худди ўша ердаги деворга маҳкамланган эди.
Ортга қайтганда, ҳарқалай Настя хола кўзларини очган экан. Диванга ёпилган кўрпа қатини кўтарди-да, паспортини олиб Мирсолига тутқазди.
— Мана бу менинг ҳужжатим, — деди у ҳарсиллай ҳарсиллай. — Сенда турсин! Мен… Йўқотиб қўймай тағин, болам!
Мирсоли паспортни қўлига олди-да, биринчи саҳифасини очди. У ердаги ёзувларни ўқиб эса ҳайратдан ағдарилиб тушаёзди. Шошиб Настя холага юзланди.
— Эна, — деди овозини ҳийла пасайтириб. — Анастасия Крутая деб ёзишибди. Фамилиянгиз… Шундайми?
— Ҳа, — деди она жилмайишга уриниб. — Фамилиям шундай, ўғлим!.. Сенга Александр деган номниям ўзим қўйганман. Сен Александр Крутойсан, жоним!..
— Нима?..
Мирсоли дарҳол Татьянани ёдга олди. Чунки унга худди ўша аёл Саша Крутой деган тахаллус берганди.
«Нима бало, Татьяна авлиёмиди? — ўйларди у бош чайқаб. — Ё билганмикан мен ҳақиқатан Крутойлардан эканимни? Йўқ, бўлиши мумкинмас. У авлиё экан, ҳа! Билгандай шундай ном берган экан!.. Қизиқ… Сира тушуна олмаяпман нималар бўлаётганига!..»
Мирсоли хаёлга берилиб онасини маҳтал қилиб қўймаслик илинжида ўзини тутиб олди ва Настя холанинг бош тарафига ўтириб олди.
— Анча яхшимисиз, эна? — сўради у Настя холанинг кафтига кафтини босиб. — Рангингиз ўзига келиб қолди. Ҳозир дўхтирлар келишади. Яхши бўп қоласиз, эна!
— Мендан хавотир олма, — деди Настя хола унга ғамгин термилиб. — Жин урмайди! Ўзингни эҳтиёт қил! Мана шу уйни жуда асрагин! Бу-чи, Крутой бобомиздан қолган, жоним!
— Эна, унақа ваҳима қилавермасангиз-чи! Яхши бўласиз! Битта укол қилишсин, ўтиб кетади. Чарчагандирсиз-да! Тузатишмаса, ўша дўхтирларининг ҳам абжағини чиқараман!..
Мирсоли негадир кўнгли ғашланган каби беихтиёр юзи тундлашиб, оғир хўрсинди.
Шу маҳал ташқари эшик қўнғироғи безовта жиринглагани қулоғига чалинди.
«Тез ёрдам»чилар келишибди. Мирсоли уларни Настя хола ётган хонага бошлаб кирди.
— Холани олиб кетмасак бўлмайди, — деди врач Настя холани обдон текшириб кўргач. — Юракларининг анча мазаси йўққа ўхшаяпти. ЭКГ қилиб аниқлашимиз шарт.
— Гап йўқ, — деди Мирсоли онасига зимдан қараб олиб. — Тузалиб кетадими энам, дўхтир?
— Мен худомасман, — совуққонлик билан жавоб қилди врач асабий лаб тишлаб. — Касалхонага борайлик, мутахассислар кўригидан ўтсин! Ана ундан кейин ўшалар бир нима дейишади. Хўш, сизам бирга борасизми?
— Албатта бораман, — деди Мирсоли. — Қолармидим? Бораман-да энам билан!
— Унда вақтни чўзмайлик! Ана, шеригим иккалангиз кўтариб машинага олиб чиқинглар! Холага ҳозир юриш тугул, ўрнидан қўзғалиш ҳам мумкин эмас!
Мирсоли оқ халатли, бўйдор йигит олиб кирган замбилга Настя холани ўша йигит билан биргаликда авайлаб ётқизди.
Кўз очиб юмгунча «Тез ёрдам» машинаси касалхона ҳовлисига кирди. Қабулхонадагилар Настя холани текшириб кўришди-да, жонлантириш бўлимига қўнғироқ қилишди. Зум ўтмай, врач етагида Настя холани бўлимга олиб кириб кетишди.
Орадан қирқ дақиқача вақт ўтди. Мирсоли ҳануз касалхонанинг жонлантириш бўлими эшиги яқинида турар, ичига чироқ ёқса ёришмасди. Бир маҳал эшик очилиб, кўзойнак таққан, ўрта яшар врач йўлакка чиқди. У атрофга аланглаб, Мирсолидан бўлак ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, мулойимлик билан сўради:
— Крутая Анастасиянинг яқинимисиз?
— Ҳ-ҳа, мен ўғлиман, — деди Мирсоли врачга умидвор тикилиб. — Хўш, энамнинг аҳволи қалай? Тузукми?
Врач бир-икки бош қашиб олди-да, Мирсолини билагидан оҳиста тутиб дераза томонга бошлади.
— Биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик, — ер чизган кўйи жавоб қилди врач. — Нима қилай? Худонинг хоҳиши бўлди. Онангиз оламдан ўтиб қолди, ука!
— Нима?
Бу хунук хабарни эшитиб, бир зумда Мирсолининг пешонасини совуқ тер босди. Юраги керагидан тезроқ уриб, мияси ғувиллади.
— Менга қара, — ўзи билмаган, ўзини идора этмаган ҳолда врачнинг ёқасига чанг солди у. — Нима қилдинг энамни? Нега ўлади? Унга нима бўлибдики, касалхонага келиб ўлса? Гапир! Ҳозир жағингни тушириб қўяман!..
— У-ука, ўзингизни босинг, — дея Мирсолининг қўлидан халос бўлишга уринарди врач. — Ўткир инфарктга йўлиққан экан онангиз, тушунинг! Юраги кўтара олмади! Қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик, ахир!..
Хайриятки, жонлантириш бўлимидагилар бақир-чақирни эшитиб, кўплашиб йўлакка чиқишди. Кимлардир Мирсолини врачдан айириб олиб, четга тортди. Яна кимдир врачни ими-жимида ичкарига олиб кириб кетди.
* * *
Орадан яна бир соатча вақт ўтди. Мирсоли «Морг»дан Настя холанинг жасадини олиб кетиш илинжида ҳовлидаги ўриндиқлардан бирида ўтирар, қайғудан ўлай дерди. Шу лаҳзаларда мияси ҳам ишламай қолгандек карахт эди. Бир маҳал ўриндиққа кексайиброқ қолган бир эркак мункиллаган кўйи келиб ўтирди-да, киссасидан сигарет чиқариб тутатди. Эркакдан бадбўй ичкилик ҳиди анқир, нафас олиши бежо эди.
— Тур бу ердан, бобой, — деди Мирсоли унга совуқ боқиб. — Мен шумқадамман! Агар тирик қолишни хоҳласанг, тез бу ердан кет!
— Нима? — эркак унга қаттиқроқ тикилиб анграйди. — Нимаман дединг?
Азбаройи алами келиб турган Мирсоли энди бор овозда қичқирди:
— Мен юқумли касалга йўлиққанман! Ҳозир касалим юқиб қолади сенгаям! Кет бу ердан!
— Ие, ш-шунақами? Б-бўпти! Ҳозир, ҳозир!..
Эркак кўз очиб юмганчалик фурсат ичида ғойиб бўлди. Мирсоли ёлғиз қолганидан бироз кўнгли тинчлангандек чуқур хўрсинди. Бироқ бу ёлғизлик узоқ чўзилмади. Сал нарига таниш машина кириб келиб тўхтади ва эшиги очилиб, подполковник у томонга юриб кела бошлади.
«Шу нусха етмай турувди ҳозир, — кўнглидан ўтказди Мирсоли мажбуран ўрнидан қўзғалиб. — Қаердан билиб қолдийкин бу ердалигимни?..»
— Мерган, таъзиямни қабул эт! — подполковник оғир қадамлар билан яқинлашиб, Мирсолига қучоқ очди. — Бандалик экан! Сенга сабр берсин! Ул-бул ёрдам керак бўлса, мана, мен турибман! Ҳарқалай, бегонамасмиз, ука!
— Раҳмат, начайлик, — деди Мирсоли қовоқ уйиб. — Ҳаммаси жойида. Ҳозир «морг»дан олсам, таъзияга тайёргарлик кўраман. Тобутгаям буюртма бериб қўйдим! Айтганча, ўзингиз яхшимисиз? Ишларингиз жойидами?
Подполковник бу саволларни эшитиб беихтиёр йўталди. Уч-тўрт карра йўталиб олгандан сўнг кўкка боқиб ўйчан гап бошлади.
— Очиғи, ҳозир бу ҳақда гаплашмасак девдим. Ҳар ҳолда бошингга манавинақанги иш тушиб турибди. Кел, мен ҳақимда кейин гаплашамиз!
— Айтаверинг, — деди Мирсоли. — Кўриб турибман, негадир хотиржам эмассиз. Сезяпман. Айтаверинг, нима гап?
— Қўйсанг-чи, — қайсарлик билан Мирсолини тинчлантиришга интиларди подполковник. — Олдин онанг раҳматлини жойига қўй, маросимларини ўтказ. Ишни ана ундан кейин бафуржа гаплашамиз.
— Биласизми, — деди Мирсоли муштларини алам аралаш тугиб. — Энам ўз ажали билан ўлмаган. Сезиб турибман. Мазаси қочувди, дўхтирлар сақлаб қолса бўларди ҳаётини. Бу ерда нимадир бордек туйиляпти. Кимгадир керак бўлган шу нарса. Лекин ким? Қайси паразит бу ишга қўл урди? Билмадим… Билмадим…
— Шу гапни айтмай қўя қолай девдим, — «морг» томонга қараб сўз қотди подполковник. — Аммо сенга душман эмасман. Менга қара, ҳозир ҳақиқатни айтаман. Сен эса ўзингни босволасан. Ҳовлиқмайсан, жаҳл отига минмайсан. Чунки ҳозир бунинг мавриди эмас.
— Тушундим, — деди Мирсоли бош ирғаб. — Айтаверинг, ёш боламасман.
— Ҳақиқатан, онанг ўз ажали билан ўлмаган. Биласанми-йўқми, бизнинг соҳада ҳар бир ходимнинг ўз агентураси бор. Боя менга ўшалардан бири хабар етказди. Ўғрибошилар астойдил изингга тушишибди. Шаҳарда «Бегун» деган бир мараз бор. У «Топор»нинг ҳамтовоқларидан бири эди. Айнан ўшанинг югурдаклари энангни касалхонага олиб келишганда шу ерда ўралашиб қолишганмиш. Демак, ўшалар дўхтирлар билан келишган, шу баҳонада сендан ўч олмоқчи бўлишган.
— Аблаҳлар, — дея касалхона тарафга жаҳд билан боқди Мирсоли. — Бирини ўлдирсанг, бошқаси чиқиб келаверса. Суваракка ўхшайди булар. Йўқ, ўлдираман уларни, ўлдираман! Изн беринг, мени қўллаб туринг, ўч оламан ҳаммасидан!
— Ўзингни бос, олдин маросимларни ўтказиб олайлик, онангнинг руҳини безовта қилишдан нима фойда? Ўч олишга улгурасан. Юр, жасадни опчиқамиз ҳозироқ! Расми-русуми билан қабрга қўйиш лозим. Юр, ука!..
* * *
Ҳаёт давом этавераркан. Ҳаш-паш дегунча Настя холанинг «қирқ»и ҳам ўтди. Ана энди асосий ишга ўтса бўларди. Мирсоли азбаройи нафрат оловида куйиб подполковникни қистовга олди. Шубҳасиз, подполковникнинг ҳам ўз мақсади, режаси, нияти йўқ эмасди. Мирсолининг қўли билан душманларидан халос бўлиш иштиёқида ёнарди.
Улар хавф соя солмаслиги учун шаҳардан четроқдаги катта дарё кўпригида учрашишди.
— Мени «главка»га юқори лавозимга тайинлашмоқчийди, — деди подполковник. — Лекин Тарасов деган полковник яна йўлимга ғов бўлди. Худди ўша ифлос «Бегун» билан ош-қатиқ. Юқоридагиларга роса «сасиб»ди чоғи, генерал ниятидан қайтиб ўтирибди.
— Менинг ишим нимадан иборат? — сўради Мирсоли. — Қўрқитиб қўйишим керакми?
— У яхшиликчасига қўрқмайдиганлар хилидан. Тинчитиш керак уни. Кейин эса «Бегун»га чиқсанг ярашади.
— Олдин ўғрибошини тинчитсам-чи? Ҳарқалай…
— Йўқ, бу нотўғри. «Бегун»нинг одамлари дарров Тарасовга чопади. Сенинг тақдиринг хавф остида қолиши мумкин.
— Тўғри, — деди Мирсоли бош чайқаб. — Буёғини ўйламабман. Демак…
— Сенга қўнғироқ қилиб, манзилни, аниқ вақтни айтаман. Унгача уйингда ўтир. Тайёргарлигингни кўр! Мана кўрасан, биз албатта ютиб чиқамиз.
— Бунга шубҳам йўқ.
— Майли унда, кўришгунча!..
Вақт шомга яқинлашганда, подполковник аниқ манзилни телефон орқали тушунтирди. Мирсоли қўлига қуролни олди-да, такси тутиб жуда тез фурсатда ўша жойга етиб борди. Бу гал ҳам илгаригисидек манзил кўп қаватли уйнинг чордоғида эди. Ҳеч қандай тўсиқсиз чордоққа чиқди-да, яхшилаб жойлашиб олиб подполковникнинг қўнғироғини кута бошлади.
««Худойим, бу ишда ҳар гал менга ҳамроҳ бўлаётганингга шукр қиламан, — ўйларди Мирсоли. — Бирор тўсиқ, қаршиликсиз ишимни битиряпман. Демак, мен тўғри иш тутаётганимга ўзинг гувоҳсан. Қолаверса, ўзинг менга шундай қисматни лойиқ кўрдинг. Кейинчалик ҳам қўллашингни истардим. Мен бегона юртдаман, оналаримнинг жонини олдинг, ёлғиз қолдим, энди ўзинг қўлламасанг, аҳволим жуда оғир бўлади…
Ярим соатча чордоқда ўтиргач, кутилган қўнғироқ ҳам бўлди. Тарасов икки-уч дақиқа ичида рўпарадаги банк биносига келаркан. Машинадан тушганда улгуриши керак…
Қарабсизки, бу иш ҳам хамирдан қил суғургандек осон битди. Мирсолининг бахтига полковник банкка ёлғиз ўзи, қўриқчиларсиз ташриф буюрганди. Ерга чалқанча қулаб, қонга бўялган Тарасовни фақат ўткинчилар ўраб олишди ва «Тез ёрдам» чақиришди. Бу орада Мирсоли аллақачон чордоқдан пастга тушган ва таксида подполковник белгилаган манзил томон кетиб борарди.
— Баракалла, — унинг елкасига қоқди подполковник. — Бопладинг. Мени хавфли ва ёвуз душманимдан халос қилдинг. Қарздорман. Худо хоҳласа, юқори лавозимни эгалласам, сениям ошиғинг олчи бўлади. Биз ҳеч қачон мағлуб бўлмаймиз.
— Мен ўзимдан ўзим нафратланиб кетяпман, — деди Мирсоли ер чизиб. — Қаерга борсам, ким билан гаплашсам, яқин бўлсам, ўша одам ўлиб қоляпти. Шумқадамман мен, ишонасизми, шумқадамман! Ҳозир сиз билан гаплашиб турибман-у, қўрқиб кетяпман.
— Қўйсанг-чи, — деди қўл силтаб подполковник. — Бу эскилик сарқити. Қанақа шумқадам? Ажали етган одам сен-у мендан сўраб ўтирмайди. Жонини жимгина топшираверади худога. Бунақа бўлмағур хаёлларни каллангдан чиқариб ташла! Ундан кўра «Бегун» ҳақида ўйла! Сенга тиш қайраб ўтирганини кўз олдингга келтир!
— Униям полковник каби четдан туриб отиб ташлайманми? Жонга тегди-ку пусиб яшаш, ака!
— У ҳолда тўғри «Бегун»никига кириб бор! — деди подполковник кулиб. — Қўриқчиларига кучинг етадими ўзи? Ҳа-я, сен спортчисан-ку айтганча! Қара, буткул эсимдан чиқибди-я!
— Бу маслаҳатингиз менга маъқул, — деди Мирсоли жонланиб. — Ростданам тўғри кириб бораман.
— Кириб боргандан нима наф? Нимани исботлайсан? Ўзингни турмага тиқишларини хоҳлайсанми?
— Сиз борсиз-ку! Нимадан қўрқаман?
— Йўқ, ошна, бу ишинг тўғри келмайди. Сен у ярамасларни билмайсан. Яхшиси, олдин тайёргарлик кўриб олишинг керак.
— Қанақа тайёргарлик?
— Менинг агентурам кў-п фойдали хабарларни етказган «Бегун» ҳақида. У ифлоснинг бўйнида ўнлаб қотилликлар осилиб турибди. Қолаверса, унинг тунги клублари, «Точка»ларида гиёҳванд моддалар очиқчасига сотилади. Мана шуларни бўйнига қўйиб, ана ундан сўнг тузоққа илинтирсанг ярашади. Хўш, режанг борми биронта?
— Ҳа, бор, — деди Мирсоли бош қашиб. — Сиз менга ўша «точка»лар манзилини аниқ айтинг. Уёғини ўзимга қўйиб беринг!
— Менга қара, ҳақиқатан бир ўзинг кириб бормоқчимисан? Хавфли бу сен учун. Яхшилаб ўйладингми?
— Менинг йўқотадиган ҳеч нимам қолмади. Уларга нисбатан аламзадаман. Юрагимда қанча алам борлигини билсангиз эди…
— Йўқ, барибир хавфли. Сени хавф остида қолдира олмайман. Майли, бир ўзинг бор, аммо ташқарида махсус хизмат аскарлари шай туришади. Қўлингга диктофон бераман. Кирмасдан олдин ёқиб қўясан. Шу йўл билан тилидан илинтирасан. Қўнғироқ қилиш ҳам ўзига хос бўлиши керак. Гўё телефонни ковлаштираётган бўласан-у, менга гудок ташлайсан. Шу заҳоти аскарлар босишади уларни.
— Бу таклифингизга рози бўлолмайман. Аскарларни овора қилишнинг нима кераги бор? Ундан кўра, бир ўзингиз ташқарида пойлаб туринг. Гудок кетиши билан кираверасиз. Хавотир олманг, мен анойи эмасман. Уларнинг қўлида ўладиган аҳмоқ йўқ.
— Уф-ф, қайсарсан-да ўтакетган! — хўрсиниқ аралаш сўз қотди подполковник. — Тутган ерингни кесаман дейсан. Ахир улар…
— Азроил эмасдир? Менга ўхшаган одам-ку! Ё менга ишонмайсизми?
— Бўпти, билганингни қил! Юр, диктофон билан керакли маълумотларни бераман. Қани, кўрай-чи, қандай психолог экансан.
— Гап йўқ, кетдик!..
Мирсолига барибир эди. Шу кунгача қотилликка қўл уриш олдидан юраги ғаш тортган бўлса, ҳозир ундай ҳислар қалбига ўрламасди. Жонини тиккан кимса каби дадил юриб борарди. Вужудида қаҳратон ҳукмрон эди. У энди на подполковник, на бошқасига ишонарди. Ҳеч кимнинг кўмагига кўнглида илинж сезмасди. Худди шундай кайфиятда ниҳоят «Бегун» деган зўравоннинг дала ҳовлисига етди. Бу иморатни дала ҳовли деб аташ ҳам нотўғри эди. Чунки уч қават қилиб қурилган ҳовли ўта ҳашаматли ва жозибадор эди.
— Ўғри, каллакесарлар фақат шундай ҳашаматларга эгалик қилишини илгари киноларда кўрардим, — деди ўзига ўзи Мирсоли. — Мана, энди ўз кўзим билан кўриб турибман. Ҳозир шу ҳашамат остонасини ҳатлаб ичкарига кираман. Биламан, бу ерда мени яхшилик кутмаяпти. Балки дайди ўқ зарбидан ер тишлаб ҳам қоларман. Майли, нима бўлса бўлар. Настя энамнинг аламини олмагунча тинчланмайман. Ҳали ўша дўхтирларигаям навбат етади. Улар ҳам ўз насибасини олади…
Худди шундай чалкаш ўйлар гирдобида дарвозага яқинлашди. Йўл чети ва дарвоза қаршисига ярқираган хориж машиналари қўйилган. Кутилганидек остонада икки барзанги ўзаро гаплашиб турарди.
— Сенга ким керак? — дағдаға аралаш сўради улардан бири Мирсолига тик боқиб. — Нима иш билан келдинг?
— Мен «Бегун» билан гаплашишим керак, — деди Мирсоли ерга чирт этиб тупуриб олиб. — Қўйвор мени! Вақтим зиқ.
— Ўзинг ким бўласан?
— Менми? — Мирсоли барзанги ўзини танимаганидан энсаси қотган каби тусга кириб иршайди. — Майли, кўча кўрмаганинг шундан маълум бўлди. Таниб ол, мен Саша Крутой бўламан!
Бу номни эшитгандаёқ икки барзанги баравар сергакланди. Уларнинг бири шоша-пиша телефонини қўлига олди ва нари кетди.
«Буларнинг пайтавасига қурт тушди, — кўнглидан кечирди Мирсоли. — Ҳозир ичкарига олиб кириб ертўлага судраклаш, боплаб калтаклаш, шу йўл билан пулларни тортиб олиш ҳаракатига тушишади. Кўрамиз, ким анқов-у, ким ақлли экан!..»
— Юр, сени кутяпти «Бегун», — ичкарига ишора қилди худди ўша телефонда гаплашган барзанги. — Олдин қўлларингни кўтар! Биз текшириб кўришимиз керак!..
— Дарвозахонага кирайлик, кейин кўтараман қўлимни, — деди Мирсоли тап тортмай. — Жинни эмасман-ку катта кўчада сенларга қўл кўтариб!
Барзангилар индамай дарвозанинг кичик эшигини очишди. Ичкарига кирганлари ҳамоно Мирсоли эпчиллик билан иккала барзангини ҳам ерга қулатди. Бу зарбалардан сўнг улар камида бир соат беҳуш ётишлари аниқ эди.
Мирсоли атрофга ўғринча қараб олди-да, зиналардан юқорига кўтарила бошлади. Шунда ичкаридан яна икки барзанги қўлларида тўппонча тутган ҳолда чопиб чиқишди. Аммо улар ҳам ҳеч бир ҳаракат содир эта олишмади. Улгуришмади. Мирсоли эҳтиёт шарт улардан бирининг қўлидаги тўппончани олди-да, қўйнига тиқди. Ана энди хонага кирса бўларди. У ерда нари борса икки-уч қўриқчи бўлишини тахминларди.
Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. У ичкарига кириб, овозлар келаётган тарафга юрди. Ўша хонага кирди ҳам. Қаердан пайдо бўлишди, билмайди, чамаси саккиз эркак баравар унга ташланди. Бу кутилмаган ҳужумдан Мирсоли бироз эсанкиради ҳам. Лекин бирма-бир барчаларини полга ағанатди. Содир этган ҳаракатларидан ўзининг ҳам кўнгли тўлди. Бахтга қарши тағин каттакон хона тўридаги бошқа бир эшик очилиб, беш нафар барзанги қаршисида пайдо бўлди. Уларнинг барчаси қўлидаги тўппончаларни Мирсолига тўғрилаб олганди. Барзангилар ортидан эса кенг елкали, серсоқол, қиррабурун, калбош, қирқ беш ёш атрофидаги эркак чиқиб келди. Билдики, «Бегун» деганлари худди шунинг ўзи.
— Тиз чўк! — буюрди у Мирсолига нафрат назари билан боқиб. — Кимга айтдим? Тиз чўк, ҳароми!
Шу орада барзангилар югура келиб Мирсолини ўраб олишди. Бири Мирсолининг орқа миясига тўппонча тиради.
— Сен ким бўпсанки, тиз чўксам? — жавоб қилди Мирсоли. — Эркак бўлсанг, қуролсиз гаплаш! Айтганча, мени ҳароми дедингми? Ўв, шу гапинг учун тилингни суғуриб оламан!..
— Шунақами? — қорнини силкита-силкита кулди «Бегун» қўриқчиларига бир-бир қараб олиб. — Бировларнинг ҳақини ўғирлаб тилинг чиқиб қолдими? Зўр бўп қолдингми? Майли, кўрамиз! Ҳали ертўлага тушсанг, тўтидай сайраб менга ёлворсанг, эсингга солиб қўяман шу гапларингни!
Мирсоли нимадир ёдига тушгандек киссасига қўл солди-да, диктофонни текшириб олиб, тахминан керакли тугмачасини босди.
— Олдин бир суҳбатингни олсак ёмон бўлмасди, — деди у зўравоннинг кўзларига тик боқиб. — Сен қандай қабиҳ ишлар қилиб юрганингни яхши биламан. Ҳатто чўнтагимдаги флэшкага ҳаммасини ёзиб ҳам олганман. Адашмасам, ўнтача бегуноҳни қуритгансан. Агар ментларга шу флэшкани узатворсам, камида бир умрга турмага қамаласан. Ё ишонмайсанми?..
Бу гапи «Бегун»нинг ғазабини қўзғади чоғи, барзангиларга ишора қилди.
Улар Мирсолига ташланиб, ертўлага судрашга тушди. Ҳали ўлдирмасликларига амин бўлган Мирсоли ўзининг севимли усулларини ишга солди. Олдин барзангилар ағанади. Кетидан эса «Бегун» ҳам юзтубан полга йиқилди. Мирсоли унинг бошига оёқ тиради-да, шивирлади:
— Ҳозир энамнинг хунини тўлайсан. Тўламасанг, ўласан!.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ