Украина собиқ президенти Петр Порошенко яна терговдан қочди…
Сўнгги маълумотларга қараганда, 27 сентябр куни Украина собиқ президенти Петр Порошенко давлат тергов бюросига гувоҳ сифатида ташриф буюриши лозим эди. Терговда 2018 йил ноябрида мамлакат кемалари қонунга хилоф равишда Қрим ҳудудига кириб борганлигини тушунтириб бериши лозим эди. Бироқ терговга келмади. Адвокати Игорь Голованнинг гапига кўра, Порошенко хорижга жўнаб кетибди. Буни янги ҳукумат аъзолари қочқинга йўйишди. Шундай хулоса ясашлари тайин эди.
Шу йил 6 сентябр куни ҳам собиқ президент давлат тергов бюросига бормаган. Унда фаолияти давомида Киевдаги маъмурий судлар ишига аралашиши сабабларини кўрсатиб бериши керак бўлганди. Бунга қадар Порошенкони 17 июлда ҳам терговга чақиришган. Бормаган. Адвокати ўшанда собиқ президент чақирув қоғози олмагани учун тергов бюросига келмаганини рўкач қилган.