ШАЙТАНАТ… (131-қисм)
* * *
«Атторнинг қутисида йўқ гаплар»нинг тугаб қолгани Зоҳидни сўроқни бошлашга даъват этди.
— Опа, у воқеага саккиз ой бўляпти. Кўп нарсалар хаёлингиздан кўтарилгандир. Баъзи нарсаларни сўрасам-у, эслолмасангиз, ҳижолат бўлманг, — деди Зоҳид меҳрли оҳангда. У «самимий тарзда гапирсам, аёлнинг кўнгли юмшаб, кўпроқ гап оларман», деб янглишди. Ойсанам биргина ширин сўзга кўнгли ийиб кетадиган тоифадан эмасди.
Болалигидаги қийинчиликлар уни то муддаога етмагунича сув келса симиришга, тош келса кемиришга ўргатган эди.
Бу хонадаги айни ҳолатнинг ажабланарли ери шунда эдики, терговчи бўлмиш Зоҳид рўпарада ўтирган хушсурат аёлнинг, ҳуқуқшунослик тили билан айтилганда ҳозирча жабрланувчи ва қисман гувоҳнинг кўнгли юмшашидан умидвор эди.
Ёшлик гўзаллиги билан видолашишни истамаётган Ойсанам эса, Зоҳиддан фарқсиз ўлароқ, қаршисидаги «ғўр» терговчининг кўнгли юмшаши оқибатида талабини амалга ошириш умиди билан ўтирарди. Зоҳиднинг гапларини эшитгач:
— Сўроқларингизга тўппа-тўғри жавоб бераман. Ке-йин акамни чиқариб юборасизми? — деб сўради.
Зоҳид «Ўзимнинг ҳам шундай ниятим бор эди, аммо, акангизнинг қамоқда ўтиргани ўзи учун фойдали. Балки унда бировнинг қасди бордир, балки эрингизнинг қотили акангизни ҳам даф қилар?» деб ниятини ошкор қилишдан ўзини тийди. Аёлга тикилиб туриб, истеҳзоли жилмайди-да:
— Опа, бунақа олди-берди бозорда бўлади. Бу ер прокуратура, — деб аёлнинг попугини сал пасайтиргач, сўроқни бошлади: — Акангиз эрингизнинг йўқолгани ҳақидаги хабарни сизга қай вақтда айтдилар? Тахминан пешин пайтлари эдими?
— Йўқ, кеч кирувди. Соат ўнтакам тўққиз эди.
Ойсанамнинг ўйлаб ўтирмай аниқ жавоб қайтариши Зоҳиднинг эътиборидан четда қолмади.
— Демак, йигирмаю эллик. Шу аниқми? — деб сўради аёлдан кўзларини узмай.
— Аниқ. Ўғлим Масковдан бериладиган «Хайрли тун»ни яхши кўради. Степашка билан чўчқачанинг гаплари тамом бўлиб, мултфилм бошланганида акам кириб келувдилар.
«Тўғри», — деб ўйлади Зоҳид, Эшпўлатовнинг сўроқдаги жавобини эслаб. Эшпўлатов уйга кириб келганида синглиси билан жиянининг мултфилм кўриб ўтиришганини айтган эди. Ҳар икки жавобнинг бу қадар бир-бирига аниқ мос келиши Зоҳид учун муҳим бир илгак каби туюлди.
— Эрингиз эрталаб ишга бормаган, ўйнашиникида ҳам йўқ, — Зоҳид бу сафар дангалига «ўйнаши» де- ди-ю, гапи қандай таъсир этишини билмоқ учун бир нафас сукут қилди.
«Ўйнаш» деган сўздан Ойсанам ғашланмагач, Зоҳид гапини давом эттирди: — Акангиз бу орада уйингизга бир келиб кетмадиларми?
— Келиб-кетдилар, лекин индамадилар.
— «Нега бир ўзингиз келдингиз, эрим қани, кечаси ҳам келмади», деб сўрамадингизми?
— Сўраб нима қиламан? Акам йўллари тушса чой-пой ичгани кириб турардилар. Эримнинг улфатлари кўп. Кўпинча тонготар ўтиришади. Келмай қолишларига кўникиб кетганман.
— Фақат улфатлариникида қолармидилар?
— Мақсадингизни очиқроқ айтаверинг: ўйнаши демоқчимисиз?
— Ўйнашлари борлигини билармидингиз?
— Билардим, лекин бошқаларга ўхшаб куйиб-ёнмасдим. Худо инсоф берсин, дердим.
— Кўнглингиз кенг экан.
— Кенг бўлди нима-ю, тор бўлди нима? Униси ҳам бир бало, буниси ҳам. Ҳозир ўйнаш тутмайдиган эркак борми ўзи?
— Агар дунёга сизнинг кўзларингиз билан қаралса, йўқдир?
— Келинг, бу ҳақда гаплашмайлик, — деди Ойсанам қўл силтаб. — Мен институтларда ўқимасам ҳам, ҳаётнинг ҳар қанақа дарсларини кўрганман. Сиз «мени эрингизга ўхшатманг, ўйнашим йўқ», демоқчисиз-да, а? Тўғри, ҳозир йўқдур. Ҳозир ёшсиз. Эр-хотин бир-бирларингизнинг жонларингизга текканингиз йўқ. Яна беш-ўн йилдан кейин ҳар қандай сулув хотин ҳам эри учун «пуф сассиқ» бўлиб қолади. Кўнгил янгисини тусайверади. Хотинидан беш баттар исқиртроқ бўлса ҳам майли, янгиси топилса бас! Сиз билан ўшанда гаплашаман, ука.
— Келинг опа, бу ҳақда ҳозир ҳам, беш-ўн йилдан кейин ҳам гаплашмайлик. Шу топда иккаламиз ҳал қилиб оладиган бошқа муҳимроқ муаммо бор. Демак, акангиз келганларида ўғлингиз билан телевизор кўрятувдингиз, а? Қайси мултфилм эди, эсингиздами?
— Мултфилмни эримнинг ўлимига нима алоқаси бор? — деди Ойсанам норози оҳангда.
— Қандай алоқаси борлигини кейинроқ айтаман сизга. Ҳозир эса эслашга ҳаракат қилинг. — Зоҳид «бу хонанинг эгаси менман, савол бердимми, демак, жавоб олишим шарт», дегандай стол устига икки-уч черт-ди. Ойсанам унинг бармоқларига қараб қўйди-да, сўнг нигоҳини дераза оша ташқарига қадади.
— «Сеними, шошмай тур!» эмасмиди? — деб ёрдам бермоқчи бўлди Зоҳид.
— Йўқ, у эмасди. Ҳа, «Винни Пух» эди. Акам кириб келганларида ўғлим «Ана, Винни Пух тоғам келдилар», деб, мендан қулоқ чўзма евди.
«Бунчалар аниқлик! Бунчалар хотира! Эрининг йўқолгани ҳақидаги ташвишли хабар, сўнг ўликнинг сувдан топилгани… бу ғам-аламлар ҳам хотирага таъсир этмабди-да? Хўп, бунинг-ку ўғли «Винни Пух тоғам келдилар» деган экан, Эшпўлатов-чи? У мултфилмни нега эслаб қолди?» Зоҳид шу ўринда калаванинг бир учини топгандай кўнгли ёришиб, савол-жавобни шу мавзу атрофида давом эттирди:
— Мултфилмни охиригача кўрдингизми?
— Мен чой дамлагани турдим. Ўғлим тоғаси билан бирга ўтириб кўрди.
— Демак, акангиз хавотирларини сизга дарров билдирмаганлар?
— Шунақа бўлди. Мени қўрқиб кетмасин, дегандирлар. Бир пиёла чойни совутиб ичиб, кейин айтдилар.
— Нима деганлари эсингиздами?
— «Эринг йўқолиб қолганга ўхшайди, нима қиламиз, милисага хабар берамизми?» дедилар.
— Сиз нима дедингиз?
— Нима дердим, юрагим шув этиб кетди. Қўлларим қалтираб, гапиролмай қолдим. Ўзи эрталабдан кўнглим ғаш эди.
— Демак, сал ўзингизга келволиб, сўнг милитсияга хабар қилдингларми?
— Йўқ, аввалига ўртоқларини чақиртирдим. Болаликдан бирга катта бўлган оғайнилари бор, менга ишонмаган сирларини ҳам ўша кишига айтардилар.
— Толмас Хайриевми?
— Ҳа, буларни олдинги терговчига ҳам айтганман.
— Биламан.
Шу пайт эшик очилиб, остонада Ҳамдам Толипов кўринди. «Ие, банд экансан-ку, чиқиб турайми, нима қилай?» дегандай Зоҳидга савол назари билан қаради. Хона соҳибидан бир ишорат бўлмагач, «гаплари зарурмасдир», деган фикрда ичкари кирди-да: «Қалайсан, ўртоқ прокурор!» деб сўрашди. Сўнг зийрак нигоҳини Ойсанамга қадаб, у билан ҳам саломлашди. Зоҳид Ҳамдамнинг ҳеч бир лутфсиз тўғри кириб келаверишига кўникиб қолгани учун унга «сабр қилинг», деб ишора қилмаган эди. Сўроқни унинг иштирокида давом эттиргиси келмай, Ойсанамнинг қўлидан рухсатномани олиб, имзо чекди-да:
— Бир-икки кундан сўнг яна учрашамиз, — деди.
Ойсанам суҳбатнинг бу қадар кутилмаган тарзда узилишига сабабчи бўлган Ҳамдамга норози қиёфада бир қараб олди-да, иложсиз равишда ўрнидан турди. Сўнг:
— Акамни қачон чиқарасиз? — деб сўради.
— Вақти келганда айтамиз.
Бу гап Ойсанамга ёқмади, шарт бурилди-ю, «хайр» ҳам демасдан хонадан чиқди.
— Ким бўлди бу хоним, димоғига куя пашша ўтириб кетган-ку, а?
Зоҳид унинг кимлигини айтгач, Ҳамда Толипов узун ҳуштак чалиб қўйди-да:
— Нега ҳуштак чалганимни билдингми? — деб сўради.
— Билмадим, — деди Зоҳид қоғозларини тортмага сола туриб.
— Бир одам «ҳамма нарсага қодирман», деб мақтанганида Афанди шунақа ҳуштак чалиб, «шу ҳуштагимга тўртта тугма қадаб бер-чи», деган экан. Сен яна ҳуштакка тугма қадамоқчимисан?
— Киноянгизга тушунмадим?
— Киноя эмас, бўладиган гап бу. Яна асадбекларнинг обрезига бурнингни тиқмоқчимисан?
— Ҳар ҳолда текшириб кўриш керак.
— Миркаримовнинг ўлганига ярим йилча бўлди шекилли, а?
— Саккиз ой, — деб аниқлик киритди Зоҳид.
— Ана, саккиз ой! Илёсов ишни бекорга чўзмайди. Сенам чўзавер, бошингни оғритма.
— Э, ака, оғриб турмайдиган бошнинг кимга кераги бор. Очиғини айтсам, бу сафар Асадбекнинг кўчасига қараб юрмайман.
— Ие, нечук?
— Миркаримовнинг асадбеклар билан боғлиқлиги бор. Яна бир томони Ҳосилбойвачча.
Лекин Миркаримовни уларнинг одамлари ўлдирмагандир, деб турибман.
Ҳамдам яна бир марта истеҳзо билан «Нечук?» деб қўйиб ундан изоҳ кутди.
— Кеча ўликни ёриб кўрган эксперт билан гаплашгандим. Миркаримов ўлдирилиб дарров сувга ташланмаган, бир-икки кун ерга кўмилиб қўйилган, деб тахмин қиляпти.
— Тахмин қиляпти? Нима, аниғини билмас эканми?
— Аниқ бир қарорга келолмагани учун хулосага ёзмаган экан.
— Оббо… аниғини билолмаса ўликни тамоша қилиш учун ёрибдими? — Ҳамдам шундай деб ўйланиб турди-да, кейин гапини давом эттирди: — Унда бир иш қиласан. Хўжайинларнинг нимаси кўп, мажлислари кўп. Кунда бир-икки мажлисни овлашмаса еганлари ичларига тушмайди. Миркаримовнинг йўқолгани ҳақида қачон хабар берилган?
— Ўн тўққизинчида.
— Демак, сен ўн бешинчидан то ўн тўққизгача бўлган мажлис ахборотларини титиб чиқ. Қайси кундан бошлаб мажлисларда йўқ бўлганини билсанг, калаванинг учини топасан. Кейин мижғовланиб, эзилаверма. Сенга минг марта айтганман: масалани шартта-шартта ҳал қил. Битта-яримтанинг бурни қонаса ҳеч нима қилмайди. Мана, кечаги ишим: йигирма саккиз яшар йигит бошини деворга уравериб ўлиб қолганмиш.
Афғонда яралангани учун бир хил пайтда ўзини билмай қоларкан. Ўликни ёрадиганларинг шунақа хулоса ёзиб беришибди. Ўликнинг отаси ҳам, хотини ҳам «ичволиб бошини деворга ураверди», деб туришибди. Ўликнинг бошини ушлаб қарасам, суяк йўқ ҳисоб, майдаланиб кетган. Шунақа бўлиши мумкинми?
— Қаттиқроқ урган бўлса…
— Йў-ўқ… — Ҳамдам ўзининг топқирлигидан ўзи маст бўлиб, қувлик билан кулди. —
Қаттиқ урганда ҳам, битта ёки иккитада ҳушидан кетади. Суяк майдаланиб, жони чиққунича уравермайди. Хўш, мен нима қилдим? Шартта хотинини чақирдиму қамаб қўйдим, ҳомиладорлигига ҳам қарамадим.
— Шунақа ишларингиз бир кунмас бир кун…
Ҳамдам Зоҳиднинг гапини бўлди:
— Бошимни ейдими? Мен бир нарсанинг исини сезмасам, қоидадан чиқмайман. Сенга ўхшаб савол-жавоб қилиб ўтирсам, иш битмас эди. Хотинга бир кеча етарли бўлди: эрталаб ҳаммасини айтди: ота-бола орасида уруш чиқиб, ўғил отага ҳамла қилган экан.
Ота эса таёқ олиб боласини ураверган. Энди сенга маслаҳатим: «гумондаги шахс» дегин-у, битта-иккитасини ўтқизиб қўй. Қамоқдан ўлгудай қўрқадиган одамлар кўп бу дунёда. Биттаси индамаса, иккинчиси албатта гуллайди.
Зоҳид бунга ўхшаш насиҳатларни аввал ҳам етарли равишда эшитгани учун кулимсираб қўя қолди. Ҳамдам бу кулимсирашнинг маъносини ўқиб:
— Тушунарли, сенинг вазифанг — қамаш эмас, балки адолат тантанаси! — деб қўйди.
Сўнг унга савол назари билан қаради: — Кеча оқсоқолни кўргани бормабсан-ку?
Кеча телефонда гаплашганларида Зоҳид маёр Солиевни йўқлаб бормоқчилигини айтган, Ҳамдам эса бош қашишга ҳам вақти йўқлигини билдирган эди. Аксига олиб, Зоҳиднинг экспертизага оид ишлари чўзилиб, касалхонага боролмади. Зоҳид шу сабаб туфайли боролмаганини узр оҳангида айтди-да:
— Ўзингиз ўтганга ўхшайсиз? — деб сўради.
— Ўтдим. Оқсоқолнинг кайфияти чатоқ, — деди Ҳамдам. — Энди ишга қайтолмаслигидан сиқиляпти. Бу ҳам майли, — Ҳамдам шундай деб чалиштириб ўтирган оёқлари ўрнини алмаштирди, — устозинг «Қассоб»га ачиняпти. Индамасам, кўз ёши қиладиган. Юрак қолмабди оқсоқолда.
— Қўйсангиз-чи, баъзан ошириб юборасиз.
— Ошираётганим йўқ. «Ёмон ўлим топди», дейди. «Ҳаёт уни жиноят кўчасига киришга мажбур қилган», дейди. Қассобнинг онаси фоҳиша бўлган экан, болалигида кўп руҳий азоблар тортган экан…
— Мақсуд аканинг гапларида жон бор. Кўп жиноятларнинг илдизини айнан болаликдан излаш керак. Ҳаётдан зада бўлган боланинг жиноятга кириши осон. Лекин терговда ҳам, ҳукм чиқаришда ҳам бу сабаблар, бу руҳий ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Ҳукм учун жиноятнинг ўзи муҳим.
— Ана энди ўзинг оширвординг. Сенинг шу олимлигинг ўзингни қийнайди. Ҳаёт дейсан,а? Нима, дунё-даги ҳамма фоҳишаларнинг ўғиллари улғайганида хотинларни ўлдириб, гўштидан чучвара тугиб еб юришибдими? Эртага Миркаримовингнинг қотилини топгин-да, кейин «буни ҳаёт мажбур қилган», деб қўйиб юбор. Менам чолнинг паттасини қўлига бериб қўя қолай. Ҳар ҳолда уни ҳам ҳаёт мажбур қилган.
— Ҳамдам ака, гапимни тўғри тушунмадингиз?
— Тўппа-тўғри тушундим, оғайни. Мен учун икки одам бор: жиноятчи ва жабрланувчи. Орада ҳеч қанақа ҳаёт йўқ. Агар менга қўйиб беришса, Миркаримовингнинг қотилини қидириб, овора бўлиб юрмас эдим. Нимагалигини биласанми?
— Тахминан биламан.
— Тахминани ҳисобмас. Сен қотилни топгину ке-йин Миркаримовни тирилтиргин-да, «Ўрнингизда қотилингиз ёта туради», дегин-чи? Сенга раҳмат ҳам демай, аблахлигини келган жойидан давом эттираверади. Сен қилаётган ишимизнинг жамиятга фойдасини гапиришини ёқтирасан. Хўп, бир аблаҳнинг қотилини топишдан қандай наф бор?
— Нима учун уни аблаҳ деяпсиз?
— Асадбекнинг нушхўрдини ялаб юрган одам яхши бўлмайди. Унга биров қасд қилмаган, унинг ўзи ўлимини сотиб олган. Нушхўрдга қаноат қилмай, дастурхондаги лаганга қўл узатиб бўккан у.
— Яхши тахмин айтдингиз, ўйлаб кўриш керак.
— Ўйла, прокурор. Сен олим боласан, ўйламасанг ҳисобмас. — Ҳамдам шундай деб соатига қараб олгач, ўрнидан турди. — Прокурор, бир соат вақтим бор. Хоҳласанг, мишмишхонамга ўтиб, лағмонхўр- лик қилайлик. Менга аталган гапларингни ўша ерда айтарсан. Кейин мен ишимга кетаман, сен эса… — Ҳамдам истеҳзо билан кулди: — ўйлаб ўтиравера- сан.
Зоҳидга бу режа маъқул келди.
Лағмонхўрлик хуш ёқиб, Ҳамдам Толипов Зоҳид учун ажратган бир соатига яна ўттиз дақиқа қўшди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК