Telegramдаги ёзишмаларни ўқий оладиган жосус-дастур аниқланди
Kaspersky Lab компанияси FinSpy жосус дастурининг янги версиясини аниқлади. У деярли барча фойдаланувчилар ҳаракатлари, хусусан ҳимояланган мессенджерлардаги оддий ва махфий чатлардаги ёзишмаларни кузатиши мумкин.
“Энди бу дастур Telegram, WhatsApp, Signal ва Threema мессенджерларидан ҳам маълумотларни йиғиши мумкин”, – дейилган компания хабарида.
FinSpy кўпинча жосуслик мақсадларида фойдаланилади. Бу дастур смартфон ёки планшетда фойдаланувчи ҳақида, жумладан унинг алоқалари, СМС хабарлари, GPS жойлашуви, фото-суратлар, сақланган файллар, товушли хабарлар сингари турли маълумотларини йиғиши мумкин.
Мутахассислар маълум қилишича, ҳар бир дастур аниқ бир одам ёки гуруҳга мослаштирилиши мумкин.
FinSpy муаллифлари янги ҳимояланиш усулларини диққат билан кузатиб бориб, дастурга тезкорлик билан ўзгартириш киритишмоқда.