Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Шайхонтоҳур туманида қабул ўтказди
Қабул “Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Джураев Рустамнинг қабулига жами 30 дан ортиқ фуқаролар келишди. Қабулда Шайхонтохур тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник Нарзуллаев Улуғберди, тумани ҳокими ўринбосарлари Юлдошев Алишер, Қурбонов Розиқ ва туман маъмуриятининг бошқа вакиллари, шунингдек туман ҳудудий тиббиёт бирлашмаси, коммунал хизматлари мутахассислари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этишди.
Ўз мурожаатларида фуқаролар пиёдалар йўлакчаси ташкиллаштириш, янги йўл чизиқлари ётқизиш ёки эскиларини янгилаш, светофор ўрнатишни илтимос қилишарди. 102 ва 192-мактаблар директорлари мактаблар ёнида “пиёдалар йўлакчаси” йўл чизмасини ётқизиб светофор ўрнатишни сўрашди.
Бир неча кишилар имтиёзли тиббий муолажа ордерини олишда, эшитиш мосламаси харид қилишда кўмак сўрашди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти жойда ҳал этилди, баъзилари бўйича алоҳида топшириқлар берилди. Беш нафар фуқароларга имтиёзли малакали тиббий хизмат учун ордер топширилди, “Кўкча” маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири эса ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
Йўл қопламаси, фонарли столблар, ирригацион-дренаж тизимини таъмирлаш, анчадан бери қуриб қолган дарахтни олиб ташлаш, чиқиндиларни олиб чиқиш муаммосини ҳал этиш ва коммунал хизматга оид бошқа мурожаатлар келиб тушди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг қабулига бир неча киши ички ишлар органида хизмат қилиш масаласини ҳал этиш умидида келишган эдилар. Мурожаатчилардан бири ички ишлар органларида хизмат қилиб хизмат вазифасини адо этиш давомида ҳалок бўлган укасининг хотирасини абадийлаштиришни илтимос қилди.
Ҳар бир мурожаат назоратга олинди, бир нечталари бўйича алоҳида топшириқлар берилди.