«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «СУЛТОН СУЛАЙМОННИНГ ХОС ЖАЛЛОДЛАРИ ҚАЕРДА ЯШАГАН?..»
Тарихий маълумотларда бир факт алоҳида келтириб ўтилган. Таъкидланишича, усмонийлар империясининг 10- султони ҳисобланмиш султон Сулаймон даврида айнан унгагина бўйсунадиган бир талай шахслар бўлган. Улар Тўпқопи саройининг махсус бунёд этилган ерости лабиринтида умр кечирган. Бу шахслар ҳақида султон Сулаймон ва буюк вазиридан бўлак ҳеч ким маълумотга эга бўлмаган. Умуман, сарой остида лабиринт борлиги ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига-да кирмаган. Хўш, ерости лабиринтида кимлар яшаган? Уларнинг вазифаси қандай эди? Нега уларни сарой аҳлидан сир тутишган?..
Бу ерда султоннинг хос жаллодлари, жосуслар яшаган. Жаллоднинг вазифаси қатл амалини ижро этиш бўлса, жосуслар сарой ичкарисидаги муҳитни назоратда ушлаган. Башарти кимдир султонга қарши ҳаракат содир этиш пайида бўлса, ёки уни ҳақоратласа, жосуслар дарҳол шу ҳақда Сулаймоншоҳга хабар етказишган.
Ҳайратланарлиси, ерости лабиринтининг умумий майдони султон Сулаймон даврида деярли Тўпқопи саройи ҳажмига тенг бўлган. Ерости лабиринтининг кириш ва чиқиш нуқталари кўп бўлган ва ҳеч ким қачон ва қайси тарафдан хавф раҳна солишини билмаган.
Жаллодлар султон фармон бериши билан гўё ғойибдан пайдо бўлган ва қатлни бир зумда ижро этган. Кейин эса яна дафъатан кўздан ғойиб бўлишган. Шу сабаблими, ўша пайтлари жаллодларни сарой аҳли худди ёвуз арвоҳга менгзаган.
Жаллодлар раҳм-шафқат, эмоция кабилардан мосуво эди. Фақат ўз ишини амалга оширарди.
Қарангки, ерости лабиринтидаги жаллодлар ва жосуслар нафақат буйруқ бажариш билан чекланган. Балки султоннинг ўзини ҳам ташқи, ички хавфдан ҳимоя қилган.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади