СНАЙПЕР… (4-қисм)
* * *
Бахтга қарши тўппонча отилмади. Мирсоли ҳайрон бўлиб қўлидаги қуролни айлантира-айлантира ўқдонни чиқариб олди. Не кўз билан кўрсинки, ўқдон бўм-бўш эди.
— Ҳа-а, ўқ солинмаган эканми? — ўртадаги ноқулайликни бузиб унга яқин келди-да, тўппончани тортиб олди Дима. — Ҳечқиси йўқ, бу маразнинг омади бор экан. Ажали етмабди шекилли. Сен эса қойиллатдинг. Баракалла, крутой! Қани, энди кетдик! Бу ишни дарҳол каттаконларга айтиш керак.
— Ҳ-ҳалиги, — бироз тутилиб савол ташлади Мирсоли қўлидан осиб қўйилган йигитга ишора қилиб. — Бу шундай тураверадими?
— Нима, ачиняпсанми? Ишинг бўлмасин! Сен синовдан ўтганингга хурсанд бўл! Кетдик!..
Ертўладан чиқиб, улар бошқа бир бино ичига киришди. Бино ташландиқ ва деярли хароба эди. Ҳар ер-ҳар ерда ахлат уйилиб ётар, ичкаридан зах ҳиди анқирди. Мирсоли тушунмади. Зўравонлар бу каби жойларда кезишини ўйлаб, елка қисиб-қисиб олди. Аммо бир сўз демади. Индамасдан Димага эргашди.
— Мана бу хонага кириб тур, — деди Дима ёпиқ эшиклардан бирига ишора қилиб. — Мен каттаконлардан суюнчи опкелай, кейин сени янги квартирангга олиб бораман. Фақат кетиб қолма, мени кут!
— Яхши, — деди Мирсоли ҳафсаласи пир бўлган каби ахлат уюмларига жирканч назар ташлаб. — Кутсам кутавераман-да!
Дима ташқарига қайтди. Мирсоли эса ичкарига кирди. Не кўз билан кўрсинки, бўм-бўш, ҳатто бир дона стул ҳам қолмаган қаровсиз хонада уч барзанги турарди. Улар Мирсоли киргани ҳамоно жуда тез фурсатда уни ўраб олишди.
— Сен ҳали бизнинг окахонни ўлдирадиган бўлдингми? — дея хезланди ўртада турган мўйловдор барзанги қўлини пахса қилиб. — Сен-а? Она сути оғзидан кетмаган мишиқи-я?..
— Мен ҳеч кимни ўлдирмадим, — сира ўзини йўқотмай жавоб қилди Мирсоли эҳтиёт шарт ҳимояга шайланиб. — Ҳозирча ўлдирмадим…
— Ў, — шерикларига бир-бир қараб кўз қисиб олди барзанги. — Қаранглар, жа иштаҳаси зўр-ку бунинг! Нима қилсак бўлади-а?
— Олдин ичакларини суғуриб оламиз-да, кейин бўйнига яхшилаб ўраб қўямиз, — жавоб қилди чапда тургани. — Бўғилиб ўлади ўзи.
Мирсоли ортиқ сўзлашга улгурмади. Мўйловдор куч билан қорни аралаш зарба йўллади. Лекин улгурмади. Булардан яхшиликча қутула олишига кўзи етмаган Мирсоли катта тезликда уччаласини ҳам полга қулатди. Айниқса, мўйловдор қаттиқ калтак ебди чоғи, йиқилибоқ ҳушидан кетди. Қолганларининг инқиллаб ўрнидан қўзғалишга уринаётганини кўриб, Мирсоли яна зарбаларни такрорлади. Бу гал оёқ зарбалари йўлланди ва иккала барзанги ҳам вақтинча ҳушини йўқотди. Мирсоли эса ётганларга бирпас нафрат аралаш тикилиб тургач, истар-истамас, ташқарига йўналди. Эшикни очиш учун қўл юборган ҳам эдики, Дима кирди. У полда ағанаб ётганларни кўргач, сира ҳайратга тушмади. Мирсолига мамнун қараб олиш билан кифояланди.
— Боплабсан-ку, крутой, — деди бош чайқаб. — Ўлиб қолишмадими ишқилиб?
— Йўқ, — деди Мирсоли чирт этиб полга тупураркан. — Бир соат маза қилиб ухлашади. Кейин братанлари бўлса, келиб олиб кетар. Ўзлари бир-икки кун мустақил юра олишмайди.
— Майли, — гапни қисқа қилди Дима. — Каттаконларга айтдим, хурсанд бўлишди. Ҳозироқ сени янги квартирангга олиб боришим шарт экан. Кетдикми?
— Кетдик! Тезроқ чиқмасам, қусвораман, — деди Мирсоли ахлат уюмларига кўз ташлаб. — Бу ерга нега кирдик ўзи? Сира тушунмадим.
Дима ташқарига чиқишдан аввал Мирсолининг елкасига қоқиб қўйди.
— Вақти келганда, тушунволасан, крутой! Кетдик!
— «Брат», — деди Мирсоли барибир қизиққонлиги зўр келиб. — Бояги ярамаслар ертўладагининг қариндошларимиди?
— Бу гапни қаердан олдинг, — машинага чиқиб ўтиришгач, моторни ўт олдиришдан тўхтаб Мирсолига юзланди Дима. — Ким айтди сенга буни?
— Ўшалар киришим билан шунақа дейишди-ку! Тағин… Билмадим…
— Аммо тоза боплабсан уларни, — кулди Дима. — Ҳеч қачон бунақа таёқ емаган бўлишса керак… Қисқаси, улар бизнинг одамлар. Ҳеч кимнинг қариндоши эмас.
— Тушунмадим, — Димага қаттиқроқ тикилиб сўз қотди Мирсоли. — Унда нега…
— Бу иккинчи синови эди каттаконларнинг, — дея унинг сўзини кесди Дима. — Ҳали олдинда яна бир синов турибди. Буниси эртага бўлади. Билиб қўй, шу синовданам ўтволсанг, марра сеники. Хўжайинларнинг ишончига кирасан.
— Ўтолмасам-чи?
— Ўтолмасанг, қайсидир ресторанми, ошхонами, ишқилиб шунақа жойларга югурдак қилиб қўйишади.
— Мен хоҳламасам-чи?
— Хоҳламай қаерга борасан, йигит? Бу кўчага кирдингми, чиқиб кетишга йўл йўқ. Ё тушунтиролмадимми?
— Майли, бир гап бўлар! Обора қолинг янги квартирага! Жуда чарчадим очиғи…
* * *
Мирсоли яшаши лозим бўлган квартира шаҳардан анча нарида экан. Машина қандайдир илонизи кўчаларни кеза-кеза, охири атрофи кенг майсазордан иборат кўп қаватли уй рўпарасига келиб тўхтади.
— Сен биласанми қайси қаватда яшайсан? — сўради Дима пастга тушаётиб. — Гапир, биласанми?
— Мен қаердан билай? — кутилмаганда жеркиш аралаш тўнғиллади Мирсоли. — Умримда келмаган бўлсам…
— Ҳа майли, ўзим айтаман. Сен тўққизинчи қаватда яшайсан. Албатта бу вақтинчага берилади. Киссанг пулга тўлгач, ўзингга ёққан ердан бошқасини сотиб оласан. Албатта, катталарнинг ишончига кирсанг, улар берган топшириқларни қойиллатиб бажарсанггина киссангга пул тушади. Йўқса, бурнингни тортиб қолаверасан.
Мирсоли бу гал миқ этмади. Диманинг сўнгги гаплари жиғига тега бошлаганди. Шу сабабли башарасига тушириб қолишдан қўрқиб индамайгина янги квартирага кирди.
Ичкарида деярли жиҳоз йўқ эди. Хоналардан бирига каравот, стол ва битта курси қўйишибди. Бурчакка эски тортмали жавонча жойланибди.
Мирсоли Дима жўнаб кетгандан кейингина эгнидаги қалин кофтани ечди-да, ўзини каравотга ташлади.
Шу заҳоти кўз ўнгида Зарина, унинг сўнгги учрашувдаги мунгли қиёфаси гавдаланди.
«Аёл зоти ўзи шунақа экан, — ўйлади у кўзларини чирт юмиб. — Бойлик деса ўзларини томдан ташлашаркан. Мен билан хат ёзишиб юриб, ишонтириб қўйиб, ваъдалар бериб, дўкончи бир-икки марта қўлини сўраса, тегди-кетди-я! Аблаҳ экан Заринаям! Эсиз, ёш умримни хазон қилди у ярамас! Мени бегона юртларга келишга, қўлимга қурол олишга мажбур қилди. Қанчалар шафқатсиз, меҳри қаттиқ, тошюрак экан Зарина!..»
Мирсоли шуларни ўйлаб баттар юраги сиқилди ва зарда аралаш ўрнидан туриб дераза қаршисига борди. Ташқарида кичик бўлса-да, ҳаёт қайнарди. Ана, бир кекса кампир қўлидаги зил-замбил халтачани қўлида кўтарганча уйи томон кетиб боряпти! Ҳар замонда атрофга қараб оляпти. Кимдир келиб қўлидагини олишига умид боғлаяпти чоғи…
Кекса онахон Мирсолига қишлоқда қолган волидасини эслатиб, кўзларига беихтиёр ёш қўндириб қўйди. У қайтадан каравотга ётиб тағин кўзларини юмди.
«Эна, мен иблисдан баттарман, — кўнглидан кечирарди Мирсоли. — Қаранг, сизнинг фотиҳангизниям олмай, бир оғиз изн сўрамасдан жўнавордим. Менга ҳатто оддий пичоқниям бермасдингиз. Жаҳлим тезлигини билганингиз учун нуқул ортимдан кузатиб юрардингиз. «Биров-яримни дўппослаб қўймадимикан», деб ҳадикда яшардингиз. Мен-чи? Мен дўкончи қилиб қўйган ишдан хафа бўлиб қўлимга милтиқ олдим, ўша ифлосни деб умримда биринчи марта ўғирликка қўл урдим. Шундай қилмасам, милтиқни қўлга тушира олмасдим. Кетиб қолганим-чи? Ҳойнаҳой, ҳозир ҳам кечалари ухламай мени кутаётгандирсиз-а? Ўртоқларимни кўрсангиз юм-юм йиғлаётгганингизниям руҳан ҳис қиляпман. Эсингиздами, отам раҳматли болалигимда гап қайтарганим учун қўлига арқон олиб мени роса савалаганди. Ҳозир қилиб қўйган ишимни кўрса, нима қиларди? Бўғизлаб қўя қоларди-а?.. Эҳ, эна, мени қийнаб саволга кўмаверманг-да энди! Юрагим эзилиб кетяпти-ку! Нима қилай? Орқага йўл йўқ энди. Қайсарлигим, бир сўзлилигимни биласиз-ку! Нима бўлмасин, барибир зўрга айланмагунимча қишлоққа бормайман, эна! Майли, пешонамга қандай қисмат битилса, шуни кўраман-да энди! Фақат сиз касал бўлманг! Башарти у ер-бу ерингиз оғриса, қўшнимиз Ҳафиза дўхтирни чақиртиринг! Укол қип қўяди! Фақат йиғламанг! Йиғлаганингизни кўтара олмайман!..»
Шу пайт ташқари эшик тақиллади, сал ўтиб қўнғироқ жиринглай бошлади. Хотиралар қуршовида қолиб кўнгли бўшаган Мирсоли хаёлини бузгани учун тақиллатганни сўка-сўка бориб эшикни очди. Қаршисида Валерий ҳамда Дима пайдо бўлишди.
— Ие, уйғоқмисан? — ичкарига кирибоқ қўлидаги майда-чуйдалар солинган сумкани зипиллаганча ошхонага элтиб қайтгач, Дима Мирсолининг елкасига қўл ташлади. — Мана, хўжайин билан сендан хабар олгани келдик, крутой!
Мирсоли унга жавоб қайтаришга улгурмай, Валерий қўлидан тортиб хонага бошлади.
— Қани, мерган, гапир, — деди Валерий каравотга бориб ўтириш асносида хонани кўздан кечириб. — Сенга квартира ёқдими?
Мирсоли елка қисган кўйи бош чайқади.
— Ёмонмас, яшаса бўлади, — деди истамайгина. — Ҳойнаҳой, шуни сўраш учун келмагандирсизлар? Бизга бирор топшириқ борми?
— Ўзинг ҳали ёш бўлсангам, жа гапга чечан экансан-а? — Валерий сал жаҳли чиққан бўлиб норози сўз қотди. — Қайси мактабда ўқигансан ўзи гапдонликка?
Мирсоли ҳақиқатан ёшлиги, қолаверса, бу каби хавфли гуруҳлар, зўравонлар билан тиллашиб кўрмагани учунми, Валерийнинг сўнгги саволи энсасини қотира бошлаганини кўз қарашларидан, ёвқур жавоби билан сездириб қўйди.
— Сизларга барибир эмасми? — деди у дафъатан қўл силтаб. — Нуқул сўроққа тутганларинг тутган-а, вей! Ундан кўра…
— Ҳов, йигит, — Валерий Мирсолининг билагини маҳкам сиқиб тинчлантирган бўлди. — Ўзингни босвол! Бизга ўхшаганлардан насиҳат олишни ўрган ундан кўра! Сакраганинг билан осмонга чиқиб қолмайсан.
— Майли, хўжайин, — орага қўшилди Дима вазиятни юмшатиш илинжида. — Ҳали ёш-да, ўрганиб кетади!
— Шунақами? Кўрамиз, — Валерий бу гапдан сўнг сал паст тушиб мажбуран тиржайди. — Майли, хў-ўш… Қани, айт-чи, бизнинг синовлар сенга маъқул бўлдими? Фақат ростингни гапир!
— Умуман, қойил қолдим, — жавоб қилди Мирсоли бош қашиб. — Жуда пухта ўйлабсизлар.
— Бизга бўлса, сенинг ишларинг маъқул бўлди. Ёш бўлсангам профилардай иш тутдинг. Хўш, ишнинг росманасига тайёрмисан? Топшириқ бераверайликми? Сакраб қолмайсанми ишқилиб?
Дима Валерийнинг ҳазил аралаш ай тган гапини эшитиб кулиб юборди. Лекин хўжайиннинг бир марталик совуқ қараши дарҳол уни жиддий торттирди.
— Ҳақ тўласаларинг бўлди-да, — деди Мирсоли суҳбатдошига сирли тикилиб. — Ўзи… Пулга қийналиб турувдим пича.
— Қаранглар-а, — тиззасига шапатилай-шапатилай нари кетди Валерий. — Ҳали бир иш қилмай, ҳақ сўрайди-я бу ёшлар! Яхшимас, яхшимас!..
Мирсоли ҳеч нарса демади. Худди гап таъсир қилмагандай қовоқ уйиб тураверди. Суҳбатни яна Валерийнинг ўзи давом эттирди.
— Мана, бу пул сенга аванс, — дея киссасидан бир даста пул чиқариб Мирсолига узатди у. — Ол, қўрқма, шунчаки ҳазиллашдим.
Мирсоли ҳам бўш келмади. Пулларни аста қўлига олди-ю, ёстиқ остига беркитди.
— Сен нима иш қилишингни тахминан бўлсаям биласанми? — сўради Валерий Димага қараб олиб. — Қойиллатишингга кўзинг етадими?
— Одам ўлдиришми? Қойиллатсам керак.
— Кўрамиз, қовун тушириб юрмагин тағин. Хўжайин қаттиқ хафа бўлади-я!
— Хўжайин? Ўзингиз…
— Мен вакилман, холос. Агар топшириқларни боплайверсанг, хўжайинниям кўрасан бир куни. Демак, эртага Дима келади сени олиб кетгани. Жой, қурол ҳаммаси тахт қилинган. Тушунтиради… Қўрқма, мелисалар хитланмайди. Ҳаммаси ўзингга боғлиқ. Фақат бир гапимни қулоғингга қуйиб ол! Башарти ишни бузиб мелисага тушсанг, биз сени танимаймиз, сен бизни… Умуман, турмага бир тушиб чиқсанг, зиён қилмасди. Ҳаётни кўриб пишардинг ўша ёқларда. Уқдингми, мерган?
— Тушундим, ёш боламасман, — норози жавоб қайтарди Мирсоли. — Мен ҳақимда қайғурмасангизам бўлади. Турмасизам пишавераман.
— Майли, ётиб дамингни ол, — Валерий даст ўрнидан турди-да, ўзига сира тап тортмай тикилиб турган Мирсолига совуққон боқди. — Ишда уйқусираш тақиқланади…
Улар чиқиб кетишди. Мирсоли эшикни қулфлади-ю, кела солиб ёстиқ остидаги пулларни қўлига олди ва хўрсина-хўрсина юзига босди.
У ҳеч қачон қўлида бунча пул тутиб кўрмаганди.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ