Алимент тўламаган она қамоққа олинди
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 24.10.2018 йилдаги 1803/144-85-сонли суд буйруғига асосан Мусурмонқулова Ферузахондан ундирувчи Элмуратов Ҳусанжон фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Тошлоқ туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздор Ф.Мусурмонқуловага суд буйруғи ва ижро иши юритуви қўзғатиш тўғрисидаги қарорни топшириб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб боришини тушунтирган.
Бироқ қарздор Ф.М 8 ой мобайнида алиментни тўлашдан қатъий бош тортиб келган. Қарздор бўлимга таклиф этилиб, унга алиментни тўламаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-4-моддасига асосан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкинлиги маълум қилинган.
Шунга қарамасдан, қарздор Ф.М 3 млн 672 минг сўмлик алимент пулини тўламаслигини маълум қилган.
Тошлоқ туман маъмурий судининг қарорига асосан алимент тўлашдан бош тортган «она»га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига асосан, 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.