Руҳоний: Теҳрон Вашингтон олдида тиз чўкмайди
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 23 май куни сўзлаган нутқида “хатто бомбардимон қилинган тақдирда ҳам Теҳрон Вашингтон олдида тиз чўкмайди”, деб билдирди.
Аввалроқ Эрон бош қўмондони “душманннинг ҳар қандай авантюрасига муносиб жавоб қайтарилади” деб эълон қилган эди.
Мазкур баёнотлар АҚШ Эрон билан муносабатлар кескинлашиб бораётгани муносабати билан Яқин Шарққа 5 минг нафар ақўшимча аскар киритиш режасини муҳокама қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлиш ортидан янгради.
-Бизнинг бундан кўзлаган мақсадимиз Яқин Шарқда АҚШ манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришдир. Бу вазиятда Яқин Шарққа қўшимча аскарлар киритилиши мумкин,- деган эди АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шэнахэн.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.
Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.