Тошкентга табиий газни Қозоғистон транзит қилмоқда
Тошкентга табиий газни Қозоғистон транзит қила бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев 20 февралда маълум қилди.
Хабарда айтилишича, газни Қозоғистон орқали транзит қилиш қишки мавсумда Тошкентдаги энергетика мувозанатини таъминлайди. Бундан ташқари Қозоғистон жануби ҳам табиий газ билан узлуксиз таъминланади.
“Транзит тарифлар 1 минг куб метрга 2,9 долларни ташкил этади, бу тенг асосда, сабаби Қозоғистон ҳам ўз жанубини ўзбек транзити орқали таъминлайди”, - деди Канат Бозумбаев.
2018 йил охирида "Ўзтрансгаз" ва "КазТрансГаз" биринчи марта Қозоғистон ҳудуди орқали табиий газни Тошкент истеъмолчиларига етказиб бериш бўйича келишувни имзолаган эди.
Келишув шартларига кўра, Қозоғистон "Газли - Чимкент" ва "Бухоро - Газли - Тошкент - Бишкек - Олмаота" магистрал газ қувури орқали Ўзбекистон газининг 1 миллиард куб метри Тошкентга етказиб берилиши керак.