Аббос Ходжаев “иши”да экспертиза ва Ажрим борасида кескин эътироз билдирилди
Аббос Ходжаевни ҳимоя қилаётган адвокатлар Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари устидан хизмат текшируви ўтказилиши керак бўлган суд ажрими ижроси тўлиқ бажарилмагани борасида эътироз билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, адвокатларнинг илтимосномасига асосан судя М. Абидов 2018 йилнинг 9 март куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари Ю. Нурмуҳамедов, Ф. Нуриддинов, А. Холматов, И. Нигматов, Ҳ. Ҳайдаров, М. Абдуллаев, А. Сидиқов, М. Яхшиев, Олмазор туман ИИО ФМБ ЖҚБ ходими У. Эргашев томонидан ўтказилган тинтув юзасидан ИИВ томонидан "хизмат текшируви тайинлаш ҳақида" Ажрим чиқарган.
Шунингдек, "UzNews.uz" мухбири иштирок этаётган бу Жиноят иши бўйича бўлиб ўтаётган Суд мажлисида, адвокатлар Ё. Худоёрова ва Н. Тўлаганов, Аббос Ходжаев "иши" бўйича айбловга асос бўлган наркотик модда бўйича экспертиза ҳолати тайинлангани ва экспертиза икки марта ўтказилганига эътироз билдирганига гувоҳ бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ бўлими бошлиғи Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ бошлиғига 2017 йил 13 сентябрда А.А.Ходжаевдан олинган модда таркибида гиёҳванд моддалар бор ёки йўқлиги, унинг тури ва оғирлигини аниқлаб беришлиги учун хат билан мурожаат қилган ва экспертиза хулосасини олгани "Жиноят иши" материалларида мавжуд бўла туриб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси Ш. Сатторов 2017 йил 15 сентябрь куни "Кимёвий экспертиза тайинлаш тўғрисида" қарор қабул қилган ва фуқаро А.А.Ходжаевдан олинган моддалар гиёҳванд воситалар туркумига мансублиги, агар мансуб бўлса, қайси туркумига ва унинг умумий оғирлиги қанча эканлиги борасидаги саволлар қўйилган. Экспертларга фуқаро А.А.Ходжаевдан 2017 йил 13 сентябрь куни олинган модда муҳрланган ҳолда тақдим этилиши Қарорда келтириб ўтилган.
Шу сабабли адвокатлар, икки марта экспертиза хулоса олингани ҳолатига ойдинлик ва нима мақсадда бундай қилинганига аниқлик киритиш мақсадида, 2018 йилнинг 24 апрель куни давом этадиган суд мажлисига экспертиза ўтказган ходимлар гувоҳ сифатида чақирилиши бўйича Судга илтимоснома киритишди.
Ушбу суд мажлисида Аббос Ходажев ва Маҳамаджон Қурбонов Судга илтимоснома киритиб, эҳтиёт чорасини уй қамоғи ёки гаров пулига алмаштиришни сўради. Адвокатлар айбланувчиларнинг бу илтимономасини қўллаб-қувватлаган бўлса, Судда қатнашаётган Прокурор бу илтимоснома қаноатлантирилмаслигини сўради.
Судя Мирзиёд Абидов бу илтимоснома бўйича алоҳида ажрим чиқариб, илтимосномани қаноатлантирмади.
Суд мажлиси 2018 йилнинг 24 апрель куни ўз ишини давом эттиради. "UzNews.uz" ушбу Жиноят иши бўйича бўлиб ўтаётган суд мажлиси жараёни борасида, ўз ўқувчиларини таништириб боришда давом этади.