Оқ Уй Фаластинни мулоқотдан воз кечганликда айбламоқда
![Оқ Уй Фаластинни мулоқотдан воз кечганликда айбламоқда](https://gdb.rferl.org/DA45178C-A1D4-454F-B9AB-9AAFB93419FC_cx0_cy1_cw0_w800_h450.jpg)
Оқ Уй АҚШ вице президенти Майк Пенс билан учрашувдан бош тортгани учун Фаластин мухторияти маъмуриятини очиқ мулоқотдан воз кечганликда айбламоқда.
Майк Пенс Яқин Шарққа декабрь ойининг иккинчи ярмида қиладиган сафари доирасида Фаластин раҳбарияти билан ҳам учрашишни режалаштирган эди.
Фаластин раҳбариятининг Пенс билан учрашувдан бош тортиши президент Дональд Трамп АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олганини билдирганига нисбатан норозиликдир.
Трамп 6 декабрь куни Қўшма Штатлар Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти деб расман тан олишини эълон қилди ҳамда АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан ушбу бўлиниб қолган шаҳарга кўчиришга ваъда берди.
Араб Лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Мисрдаги учрашувида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш тўғрисидаги қарорини қоралади.
10 декабрь куни тарқатилган якуний баёнотда араб мамлакатлари вазирлари қарорни “қонуний эмас” деб атади.