“Уч мушкетёр” қаҳрамони д'Артанян қабри топилгани тахмин қилинмоқда
Нидерландиянинг Маастрихт шаҳрида жойлашган Муқаддас Пётр ва Павел черковида машҳур француз мушкетёри д'Артанянга тегишли бўлиши мумкин бўлган қолдиқлар аниқлангани маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, черков пол қисми чўкиши натижасида олиб борилган қазиш ишлари чоғида инсон скелети топилган. Қолдиқлар билан бирга француз тангасининг ҳам чиқиши дафн этилган шахс юқори мартабага эга бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Тарихий манбаларда д'Артанян 1673 йилда Маастрихт қамалида ҳалок бўлгани ва айнан шу ҳудудда дафн этилгани эҳтимоли қайд этилади. Ҳозирда олимлар топилган жағ суякларидан олинган ДНК намуналарини лаборатория шароитида текширмоқда.
Тадқиқотчилар бу қолдиқлар д'Артанянга тегишли бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти, бироқ якуний хулоса генетик таҳлил натижаларидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.