Мирзиёев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобуслар нархини пасайтириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори, шу боис маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автобус ва микроавтобуслар нархини тушириш муҳим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган мажлисда таъкидлаган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда туманлардан вилоят марказларига қатновчи автобуслар эскиргани, айримлари хизмат муддатидан ортиқ фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилган. Қайд этилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Андижонда 15 тага ҳам етмайди.
Мажлисда Ўзбекистон бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан бор-йўғи 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланаётгани, бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам пастлиги, 1 минг 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмагани урғуланган.
Президент қишлоқдан туман марказигача ҳамда у ердан вилоят марказигача бўлган транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлигига эътибор қаратган.
“Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш керак. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.
Йиғилишда аҳоли талабидан келиб чиқиб, янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструкция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш зарурлиги таъкидланган. Бу борадаги чора-тадбирлар ижроси жойларга чиққан ҳолда ўрганиб борилиши, халқ депутатлари кенгашларида ҳар уч ойда транспорт тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар қўйилиши белгиланган. Соҳага оид қонунларнинг бугунги кун талабига жавоб бермайдиганларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.