ШАЙТАНАТ… (73-қисм)
* * *
Берилган нондан бир-икки тишлагач, қолганини чўнтагига яширди.
— Нонингни нимага емадинг? — деб сўради Кесакполвон.
Бола жавоб бермади.
Кесакполвон унинг биқинига туртиб яна сўрагач, бола ён-атрофга бир олазарак бўлиб олиб, сўнг паст овозда деди:
— Ойимларга бераман.
Бу гап Кесакполвонни хайратга солди:
— Ҳали ойинг борми?
— Ўзингники йўқми?
— Менинг ойим урушда.
— Уруш тамом бўлган.
— Уруш асоратларини тугатяпти.
Бола «Қанақа асорат? Гапингга тушунмадим?» дегандай қараб қўйди. Яхшики «асоратларинг нима ўзи?» деб сўрамади. Сўрагандами, Кесакполвон қандай жавоб қайтаришни билмай гангиб қолган бўларди.
Тўйиб она сутини эммаган, тўйиб нон емаган Кесакполвон боланинг бу қилиғига тушунмади.
Улар панжарага яқин ерда ўйнар эдилар. Ўзлари ўйин билан банд, кўзлари эса бир арава аранг сиғадиган кўчада бўларди. Шу кўчадан уларга нон олиб келишарди! Тошбақани эслатадиган усти ёпиқ тўрт ғилдиракли арава кўриниши билан барчаларининг зимистон юракларига чироқ ёқилар, «Нон келяпти! Нон! Но-он!!» деган бахтиёр овозлар янграрди. Ҳар сафар уларнинг назарида арава кўпроқ нон келтираётгандай бўларди. Шу умид билан емакхонага киришиб, яна ўша ҳажмдаги бурда нонни кўришгач, «Нега кўпроқ олиб келмайди?» деб ўйлашар, энагаларининг «Сабр қилинглар болалар, уруш тугасин, тўйиб-тўйиб нон еймиз», деган гапларига ишонишарди. Уруш тугаса ҳам тўйиб нон ея олмаётган, ҳануз нон ташийдиган аравани кутаётган болалар сабрга кўникиб қолган эдилар. Ана шу шароитда боланинг бир-икки тишлам нонга қаноат қилиши Кесакполвон учун ажаб ҳол эди. У «Бола алдаяпти, ҳали беркитиқча еб олади» деб пойлади. Йўқ, бола алдамади, эртасига ҳам, индинига ҳам нонни яширди. Уни кунда пойлаётган Кесакполвоннинг сабри ортиқ чидамади. Нонни ўғирлаб еди! Бирам роҳатланди, бирам роҳатланди!.. «Ўғирлик роҳат келтиради», деган тушунча ўшанда туғилди. Туғилди-ю, онгига муҳрланди. Орадан йиллар ўтиб ҳам бу тушунча заррача ўзгармади.
Ўшанда дастлабки ўғирлик нашъасидан маст Кесакполвоннинг йўлини бола тўсди:
— Нонларимни қайтариб бер! — деди у титроқ овозда.
— Қайси нонларингни? — деди Кесакполвон ундан кўзларини олиб қочиб. Биринчи марта ўғирлик қилгани учун ҳам уялди, ҳам бир оз қўрқди. Кўзларини лўқ қилиб тик қарай олмади. Бу одатни у кейинроқ касб қилди.
— Нонларимни сен олгансан. Нега олдинг? Ойимга йиғаётганимни айтувдим-ку?
— Нонингга текканим йўқ, — деди Кесакполвон чийиллаб, — олган бўлсам нон урсин!
— Пойлаб юрганингни кўрганман, — деди бола бўш келмай. — Нонларимни қайтариб бер.
— Олмаганман! — деб яна чийиллади Кесакполвон. Сўнг ҳимоя ўзининг мағлубияти билан якунлажагини англаб, ҳужумга ўтди: — Ўзи ойинг қачон келади?
— Яқинда келадилар. Билиб қўй: яна ўғирласанг, ўлдираман! Мен ўнта одам ўлдирганман. Сен ўн биринчиси бўласан.
Одам ўлдириш қандай бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган бола Кесакполвонни қўрқитиб қўймоқчи эди — муддаосига етди, аммо кутилмаган нохуш ҳолга рўпара бўлди.
Боланинг совуқ гапидан чўчиб тушган Кесакполвон ҳомийсига, болалар уйининг зўрига югурди. У беминнат айғоқчилиги эвазига ҳомийдан нажот бўлишига ишонарди.
— Анов бола мени ўлдирмоқчи, — деди эзгин оҳангда. Бу оҳанг замирида «Мен ўлиб кетсам сен айғоқчисиз қоласан», деган маъно ҳам яширинган эди. Ҳомий буни
англадими ё айғоқчисига раҳми келдими, ҳарҳолда боланинг таъзирини бериб қўймоқ учун чақирди:
— Бу ёққа кел, душман боласи, — деди Ҳомий.
— Мен душман боласи эмасман! — деди бола титроқ овозда.
У ярим кечада нотаниш одамлар келиб, онасини усти ёпиқ қора машинада олиб кетишганини билади. Онасига «сен халқ душманининг хотинисан, демак, сен ҳам душмансан!» дейишганини эшитган, аммо бу айбловнинг маъносига тушуниб етмаган эди. Ҳозир бу айбловни Зўрнинг тилидан эшитиб, юрагидаги яра тирналди.
— Менинг ойим дўхтирлар, душман эмаслар! — деди овозини бир оз кўтариб.
— Ўчир! — деди Ҳомий раста овозда. — Буни нега ўлдирмоқчисан?
— Нонимни ўғирлади.
— Қанақа нон?
— Душман ойисига йиғаятувди, йўқотиб қўйибди, — деди Кесакполвон, «душман» сўзига урғу бериб.
— Бу душманнинг иши! Сен етимларнинг ҳақини душман онангга бермоқчи бўлдингми?! Сени болшевикчасига тарбиялашимиз керак. — Ҳомий қандай тарбия қилишни бир оз ўйлаб олгач, қатъий тарзда ҳукм чиқарди: — Ҳар куни нонингнинг ярмини менга берасан!
— Бермайман, — деди бола.
— Бермасанг — ўласан!
— Ўлсам ҳам бермайман. Сен — текинхўрсан!
Ҳомийси олдида ботирлашган Кесакполвон боланинг кекирдагига чанг солди.
Хулоса шуки, бола нонининг ярмини болшевикча тарбия учун қурбон қилишга мажбур бўлди. Ярмини эса… онасининг ҳақига хиёнат қилмади, ўзи емай, йиғаверди. Кунлар ўтгани сайин у ҳолдан тойиб, ранглари сарғаяверди. Бир куни ошхонага кираверишда боши айланиб, йиқилди. Уни касалхонага олиб кетдилар. Болани бошқа кўрмадилар. Унинг аҳволи, тақдири билан қизиқмадилар…
Вақт ўтиб, қорин нонга тўядиган кунлар ҳам келди. Вояга етиб, болалар уйидан учирма бўлган бир Зўрнинг ўрнини иккинчиси эгаллайверди. Шу зайлда Кесакполвоннинг ҳомийлари ҳам ўзгараверди. Ёзилмаган қонун асосида янги Зўр салафининг ишини рисоладагидай давом эттирарди. Ёш улғайиши ёки Зўрнинг хоҳиши билан айрим болаларнинг вазифалари ўзгарарди. Бошқалар айғоқчиликни дуруст эплаша олмасмиди, ё бу «вазифа»дан ҳазар қилишармиди, ҳарҳолда Кесакполвон бу касбидан узоқлашмади.
У баъзан мартабаси кўтарилмаётганидан афсусланарди. Аммо бошқа вазифаларга нисбатан айнан унинг — айғоқчининг Зўрга яқинлиги тасалли берарди. Айнан шу
яқинлик туфайли бир кунмас бир кун Зўрнинг ўрнини эгаллаши мумкинлигига ақли етиб турарди.
Муддаоси сари яқинлашаётган дамда кимнингдир истаги билан бу болалар уйи ёпилди. Улар турли болалар уйларига тарқатилдилар. Кесакполвон катта шаҳарга шу зайлда келди. Асадбек билан ҳам шу баҳонада танишди. Аниқроғи, Асадбек ўқийдиган синфга келиб, энг охирги партага, бўйи бошқаларникидан узунроқ бўлган бола ёнига ўтирди. Қовоғини солиб, тумшайиб ўтирадиган бу боланинг исми Асад эди. Кесакполвон унинг бўйига, авзойига қараб, «Зўри шу бўлса керак», деб ўйлаб янглишмади. Асадбек бошқаларни ҳуда-беҳуда урмаса ҳам, сўкмаса ҳам ёши каттароқ бўлгани учун ундан ҳайиқишарди.
Кесакполвон унинг мактабга кечроқ чиққанини, отаси қамалган йили эса синфда қолганини дастлабки кезлар билмасди.
Бир куни синф раҳбари кириб Асадбек билан Кесакполвонни ўринларидан турғизди.
— Турдиалиевнинг перосини қайси биринг ўғирладинг? — деди ғазабли кўзларини уларга тикиб.
Бу даврга келиб Кесакполвон кўзларини лўқ қилиб қарашнинг устаси бўлиб қолган эди — ўқитувчига «Бунақа гапдан хабарим йўқ», дегандай безрайиб қараб тураверди.
Ўғирликни ор деб билган Асадбек эса бундай қила олмади. Гумоннинг ўзиёқ уни уятдан бош эгишга мажбур этди.
— Мен ўғри эмасман, — деди у ўқитувчига тик қарай олмай.
Шу заҳоти унинг юзига шапалоқ тушди:
— Сен, унсурнинг боласи, менга тўнғиллама. Дарс тугагунча перони жойига қўймасанг — қамаласан! Энди ҳамма туриб, халқ душманининг ўғлига, ўғрига ўз нафратини изҳор қилсин!
Кесакполвон нафрат қандай изҳор қилинишини билмас эди. Отаси қамалганидан бери бундай хорлик тузини татиб кўраётган Асадбек қочмоқчи бўлди. Аммо синф раҳбарининг омбурдай қўллари қулоғини бураб, жойидан жилдирмай қўйди. Болаларнинг айримлари унга яқинлашиб, тап тортмай тупурдилар. Айримлари эса қўрқа-писа «туф» деб ўтдилар. Синф раҳбари истамайроқ тупурганларни тўхтатиб, нафратни астойдилроқ изҳор этишга мажбурлади.
Шу зайлда нафратлар изҳор этилиб бўлингач, синф раҳбари Кесакполвонга қараб:
— Сен-чи? — деди.
Душманлар рўйхатига тушиб қолмаслик учун Кесакполвон ҳам тупурди. Бу дунёнинг ажабтовурлиги шундаки, валади зино ҳалолга, ўғри тўғрига тупурди! Кесакполвон бошқаларга қўшилиб «нафратини изҳор» этди-ю, «Ҳали бу абжағимни чиқармаса эди», деб қўрқди.
Танаффус пайтида синфнинг зўри бўлмиш Асад болаларни чертмади ҳам, сўкмади ҳам.
Ҳовлига чиқиб, дарахтга суянганича маъюс ҳолда тураверди. Эртага қичиши мумкин бўлган ерини бугун қашиб қўйишни ўрганаётган Кесакполвон унга қўрқибгина яқинлашди.
— Оғайничалиш, сен мендан хафа бўлма. Агар туфламасам мендан кўрарди.
Асадбек ўзига нисбатан ёши ҳам, бўйи ҳам қисқа бу болага бир қараб олди-ю, индамади.
— Перони сен олмагансан. Отанг душман бўлгани учун…
— Менинг отам душман эмас! — деди Асадбек ўқрайиб. Унинг муштлари тугилиб, важоҳати ўзгарди. Болалар тупураётганда бунақа ҳолга тушмаган эди.
— Мен душман демадим-ку! Улар шунақа деб ўйлашаркан-да. Синфда бир нарса йўқолса ё сендан, ё мендан кўришади. Мен детдом боласиман. Демак, мен ҳам ёмонман.
— Ёмонлигинг тўғри. Перони сен олгансан.
— Йў-ўқ, олганим йўқ.
— Олдинг. Ўзим кўрдим.
— Кўрган бўлсанг… унда нимага айтмадинг?
— Мен сотқин эмасман. Сенга ўхшаган ўғри ҳам эмасман…
— Мени ўғри деяпсанми?.. Ҳа, майли, ўша перосини мен олдим. Бериб тур, десам бермади. Бермагандан кейин оламан-да. Агар ўзи йўқотиб қўйганида ҳам барибир биздан кўришарди. Ундан кўра ўзимиз олганимиз яхши эмасми? Ма, — у шундай деб чўнтагидан перо чиқариб узатди, — эгасига бер. Яна қаматиб юрмасин.
— Ўзинг бер.
— Мен нима деб бераман?
— Ўғирладим, дейсан.
— Сендан кўришяпти, ўзинг берганинг яхши.
— Мен берсам, мен ўғирлаган бўлиб чиқаман.
Кесакполвон бу гапни эшитиб, бирпас ўйланди-да, «Гапинг тўғри, шу ерда тур», деб нари кетди. Турдиалиев дегани доимо озода кийиниб, бўйнига шоҳи қизил галстук тақиб юрувчи нимжонроқ бола эди. Кесакполвон уни чақириб, панароқ жойга бошлади. Аммо жуда хилватга ўтишдан ўзини тийди. Асадбекнинг шу томонга қараб турганига ишонч ҳосил қилгач, аввал яхшилик билан гап бошлади:
— Перойингни Асад ўғирлаганини кўрдингми?
— Йў-ўқ, — деди Турдиалиев.
— Бўлмаса директорингга кириб айт, пероимни йўқотиб қўйган эканман, топдим, де.
— Сенга нима? Сени ўғри қилмадик-ку?
— Ўғри менман! — Кесакполвон шундай деб унинг кекирдагига чанг солди: — Ё айтасан, ё ўласан! Мен детдом боласиман, а? Айтасанми ё йўқми?
Эсхонаси чиқиб кетган Турдиалиев хириллади:
— Айтаман, қўйвор энди.
Кесакполвон чўнтагидан уч-тўрт перо чиқариб унга узатди:
— Танлаб ол, қайси бири сеники?
Турдиалиев титроқ бармоқлари билан отаси Москвадан олиб келган перони танлаб олди.
— Буни эскитиб қўйибсан. Эртага менга янгисини олиб келасан. Тўхта, яна битта гап бор: синфда йигирма иккита бола бор, а? Ҳар битта боладан беш тийиндан тўплаб берасан.
— Нимага?
— Тупурганларинг учун. Битта тупуриш беш тийин. Сен ўзинг ўн беш тийин тўлайсан.
Сени деб бўлди ҳаммаси. Билиб қўйларинг: ғиринг десаларинг — сўяман! Битта-битта ушлаб сўяман. — У шундай деб чўнтагидан буклама пичоқча чиқаргач, Турдиалиевнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
Шу воқеа баҳонасида у ўзи ҳам кутмаган ҳолда синфнинг зўрига айланиб қолди.
Асадбек ундан анчагача нафратланиб юрди. Кесакполвон унинг нафратини сезиб турар, аммо бу нафратни уйғотувчи омилни идрок қила олмас эди. Гарчи Асадбек «душман боласи» тамғаси остида юрса-да, унинг бошқа олам фарзанди эканини тушунмасди.
Тушунмоқ учун эса ўзининг валади зино эканини билмоғи лозим эди.
Мактабда, хусусан, уларнинг синфида ўғирлик давом этар, чув тушган айрим болалар ёнида пичоқча олиб юрувчи бу «детдомчи»дан қўрқишиб индашмас, айримлари арзи ҳол қилган тақдирларида ҳам ундан гумонлари борлигини билдиришмас эди. Асадбек яна икки карра нафрат нишонига айлангач, Кесакполвон уни тартибга чақирмоқчи бўлди:
— Иккитасини боплаб абжағини чиқаргин, кейин туфламайдиган бўлади. Нима, қамалишдан қўрқасанми? Бунақа тургандан кўра қамалиб кетган минг марта яхши.
Бу заҳарли гапдан кейин Асадбек «ёрилди»:
— Қамоқдан қўрқмайман, — деди у. — Мен қамалиб кетсам ойимларга ким қарайди?
Кесакполвон Асадбекнинг бу дардига ҳам тушунмади. Она сутига, меҳрига қонмаган, қалби «онага муҳаббат» деган туйғудан ҳоли бу бола она ҳузуридаги масъулият, бурч деган тушунчаларни идрок қилиши мумкин ҳам эмасди.
Кесакполвон ўша онларда юқори синфларда ўқийдиган зўрларга ҳам яқинлашишга ҳаракат қилди. Улардан бир-икки тепки егач, бу йил бўлмаса келаси йили мактабнинг мутлақ зўри мартабасига етувчи Асадбекдан дурустроғи йўқ эканига ишонди.
Асадбек «Сен бола, ўғирлик қилма!» деб урганида ҳам ранжимади. Асадбекнинг кўнгли совиб, гаплашмай қўйган кезларида эса юқори синфда ўқувчи Жалилни ишга солди.
Тўғри, аввалига Асадбек билан Жалилнинг ораларидан қил ўтмас даражадаги дўст эканликларини билиб, ғашланди. Ўзини Жалилнинг ўрнида кўришни истади. Аммо бу дўстликни унча-бунча куч бузолмаслигини билгач, Жалилдан фойдаланадиган бўлди.
Болалар уйидаги ҳаёти оёқлаб, «катта ҳаёт»га учирма бўлишга ҳозирлик кўриб юрган кезлари бир аёл келди. Тарбиячилар уни «Сенинг онанг», деб таништиришди. Аёл йиғламсираб «Болам!» деганича уни бағрига босди. Кесакполвоннинг эти ҳатто жимирламади. Бир пайтлар болаларга қўшилиб онасини кутган Кесакполвон бўзлаётган бу аёлнинг онаси эканини ҳис эта олмасди. Аёл шу соғинч, шу бўзлаш билан харсанг тошни қучиб меҳрини берса, балки тош эриб кетарди. Лекин Кесакполвон ўшанда қилт этмади.
Онаси уруш офатларини, асирлик азобларини, қамоқ жафоларини айтиб йиғларди.
Кесакполвоннинг эса киприги қилт этмасди. Кесакполвон тошдан ҳам қаттиқроқ эди — ёрилмади.
Онаси «уйга олиб кетаман», деди. «Барибир қаердадир яшашим керак-ку», деб кўнди.
Жангда жароҳатланиб асирга тушиб қолган, урушдан кейин қамалган онаси Сибирда ўзига ўхшаган одам билан топишган экан. У «Хоҳласанг «дада» де, хоҳласанг «Тошмат
ака» де», деб ўзини таништирди. Ўз онасини «она» дея олмайдиган одам бегонани «дада» дермиди? «Тошмат ака», деяверди. Тошмат ака деганлари жуда инжиқ экан.
Кесакполвоннинг ҳар қадамини кузатади. «Ундай қилма, бундай қил», деб ақл ўргатаверади. Бу ҳам етмагандай, кечалари бақириб, кимларнидир жангга бошлайди.
Хуллас, бу ҳаёти жонига тегиб, уйдаги қўлга илинарли нарсаларни ўмарди-ю, ғойиб бўлди.
Кесакполвон онасини тушунмади. Тушуниши мумкин ҳам эмасди. Онаси эса ғолиб нафснинг лаҳзалик роҳати учун бу дунёдаги умрини қурбон қилганини англаб етди. Шу боис ўғлини бошқа қидирмади…
***
Зоҳид «Ёшлигида Жамшид Суннатуллаевга ошиқ бўлган бу хоним ким экан?» деган қизиқиш билан муовиннинг эшигини аста тақиллатди. Ичкаридан «Бандман!» деган ингичка овоз эшитилди. Зоҳид одоб юзасидан пича кутди. Сўнг яна тақиллатди. Ичкаридан бу сафар «Бандман!» деган овоз зардали оҳангда келди. Зоҳид бу зардага парво қилмай эшикни қия очди-да «Мумкинми?» деди.
— Бандман, кутинг, — деди муовин жаҳл билан.
Зоҳид бу гапни ҳам эшитмагандай эшикни каттароқ очиб, остона ҳатлади. Хона тўридаги катта столга тирсагини тираб ўтирган жиккаккина, қалдирғоч қанотидай қайрилма қош остидаги думалоқ кўзларидан қаҳр ёғилиб турган аёл «Бу безбет йигит ким бўлди экан?» деб ўйлаб ҳам ўтирмади.
Унинг ҳузурига турли юмуш билан турли тоифа одам келиб турарди. Булар орасида мулойимлари ҳам, безбетлари ҳам, ширинсўзлари ҳам, тўнкамижозлари ҳам бўларди. У барчани бир тарзда — қошларини чимирган ҳолда қабул қиларди. Фақатгина гап орасида ҳуснини мақтаб ўтувчи эркакларгагина бир жилмайиш ҳадя этиб қўяр эди.
Агар Зоҳид шоиртабиат бўлганидами, «Бу оҳу кўзларга ғазаб эмас, кулиб туриш ярашади», деган гаплар билан кўнглини овларди. Зоҳид шоиртабиат ҳам эмас, бу аёлнинг кўнглини овлаш нияти ҳам йўқ. Бундан ташқари хонасига кирувчини ит каби қопадиган раҳбару раҳбарчаларга азалдан тобу тоқати йўқ. У ичкарига бир қадам қўйиши билан муовин жаҳл билан ўрнидан турди:
— Сизга «Бандман!» дедим?!
— Эшитдим, — деди Зоҳид. — Афсуски менинг вақтим зиқроқ, бошқа кутолмайман.
— Менинг ҳам вақтим зиқ. Сизни қабул қила олмайман.
— Вақтингиз бўлмаса ҳам бостириб киришга мажбурман. Хизматим шунақа. — Зоҳид шундай деб унга яқинлашди-да, ҳужжатини узатди. Муовин гувоҳнома билан танишгач, шаштидан қайтди. Ўрнига ўтирди. Аммо жиддийлигини йўқотмади, қошларини чимирган ҳолда:
— Хизмат? Биз нима гуноҳ қилибмиз? — деди.
— Гуноҳингиз йўқ. Бир ишга аниқлик киритишда ёрдам берсангиз?
— Марҳамат, сўранг. Фақат имилламанг, вақтим зиқ.
— Сиз… Жамшид Суннатуллаев деган йигитни танирмидингиз?
«Танирмидингиз?» деган сўз муовинга «ўша воқеани эслайсизми?» деган писандадай туюлиб, юраги шув этиб кетди. Чимирлаган қошлари асл ҳолига қайтди. «Шунча йилдан кейин нимага кавлаштириб келди?» деган ўй уни муовинлик шоҳсупасидан оддий гуноҳкор банда ҳолига бир зумгина туширди. Йиллар бўйи вужудини бошқариб келаётган кибр бу оний чекинишдан ғолиб чиқиб, уни яна ўша шоҳсупага кўтарди. У яна қошларини чимирди:
— Ким дедингиз? Эслолмаяпман?
— Наҳотки? — Зоҳид ажаблангандай унга тикилди. — Сизни зўрламоқчи бўлган йигит…
Қамалиб кетган.
— Ҳа, уми… анча йил бўлди. Эсимданам чиқибди.
— Қизиқ?
— Нимаси қизиқ?
— Бунақа воқеа эсдан чиқмаса керак деб ўйларканман.
— Яна нималарни ўйлайсиз? — деди Муовин пичинг аралаш зарда билан. — Ёшлигимда бунақа йигитлардан мингтаси атрофимда илакишиб юрарди.
— Буни билмадим… Балки мингтадан ҳам кўпроқдир. Лекин уларнинг ҳаммаси қамалмагандир? Бунақаси биттадир?
— Балки биттадир… Қани, гапни айлантирмай, мақсадингизни айтинг.
— Суннатуллаевни охирги марта қачон кўрган эдингиз?
— Бетинг қурғурни ўша суддан кейин кўрмадим.
— Кейин… қамоқдан чиққанидан кейин илакишмадими?
— Кейин кўрганим йўқ.
— Сиз унинг тақдири билан қизиқмадингизми?
— Нимага қизиқишим керак экан?
— Ахир… отаси билан бирга ишлар эдингиз?
— Ишлар эдик. У одам ишдан бўшаб кетган.
— У одам ҳозир оғир касал эмиш?
— Бўлса бордир. Иссиқ жон…
— Ҳа, иссиқ жон… Суннатуллаевни ўлдириб кетишибди, эшитмадингизми?
— Мен ўлдирмабманми, ишқилиб?
— Йўқ, сизмасдирсиз.
— «Сизмасдирсиз?» Нима демоқчисиз?
Зоҳид кўмирга айланган мурда суратини чўнтагидан олиб, унга узатди:
— Бунақа иш сизнинг қўлингиздан келмаса керак, демоқчийдим.
Муовин Жамшиднинг ўлганини эшитган, аммо бундай ваҳшийлик содир бўлганини билмаган эди. Суратни кўриб бир чўчиб тушди. Уни бу ноқулай аҳволдан мўъжаз репродуктордан келган овоз қутқарди:
— Марказкомдан шоширишяпти, хат тайёр бўлдими?
Муовин шошиб микрофонга энгашди:
— Йўқ, опажон.
— Нимага чўзяпсиз? Бу масала пленумга қўйилишини айтдим-ку сизга!
— Прокуратурадан бир ўртоқ келиб, мени сўроқ қиляпти.
— Ҳузуримга киринг. Тез бўлинг.
Муовин «ешитдингизми?» дегандай қошларини чимирди-да, бетакаллуф тарзда хонадан чиқди. Бир неча дақиқадан сўнг анча дадиллашган ҳолда қайтиб, жойига ўтирди.
— Яна нимани сўраб билмоқчисиз?
— Суннатуллаев сизни зўрламоқчи бўлган ўша ишда сиз терговчига «Ундан қочаман, деб ўзимни деразадан ташладим», дегансиз. Судда эса «Деразадан итариб юборди», дегансиз. Қайси бири тўғри?
— Бу одамнинг ўлимига менинг кўрсатмаларимнинг нима даҳли бор? Сиз қотилни қидиряпсизми ё эски гўнгни титяпсизми? Мақсадингиз нима?
— Сиз саволимга жавоб бермадингиз?
— Жавоб бермайман ҳам. Қандайдир терговчининг бемаъни саволларига жавоб қайтаришга тоқатим ҳам, вақтим ҳам йўқ.
Зоҳид қайрилма қош бу Муовиннинг бу тарзда дадиллашиши сабабини билмай турганида телефон жиринглаб масалага ойдинлик киритди. Муовин телефон гўшагини қулоғига тутди-да, «Ҳа, шу ерда», деб Зоҳидга маъноли қараб қўйди. Сўнг гўшакни узатди:
— Сизни сўрашяпти.
Зоҳид ажабланган ҳолда гўшакни қулоғига тутди-да:
— Эшитаман, Шарипов, — деди.
— У ерда нима қилиб ивирсиб юрибсиз. Ҳурматли одамларни беҳурмат қилишга ким сизга ҳуқуқ берди?
— Кечирасиз, сизни танимай турибман? — деди Зоҳид.
Бўлим бошлиғи ўзини танитгач, Зоҳид «зўрсизлар-ку!» деган маънода Муовинга қараб қўйди-да:
— Мен юритилаётган иш юзасидан келдим бу ерга, — деб изоҳ берди.
— Ишга уларнинг даҳли йўқ. Дарҳол узр сўрангу ҳузуримга етиб келинг.
— Яхши. Яна бир-икки савол бераману етиб бораман.
— Ҳеч қандай савол берилмасин!
— Яхши.
Зоҳид гўшакни Муовинга узатиб:
— Бу иморат анча баланд қилиб қурилган экан, а? — деди.
— Сиз шошиб турибсиз шекилли, чақиришяптими? — деди Муовин қошларини чимириб.
— Ҳа, ҳозирча шошиб турибман. Кейин бафуржа гаплашамиз.
— Овора бўлиб келиб юрманг. Бошқа айтадиган гапим йўқ сизга.
— Энди опажон, бу масалани биз ҳал қиламиз. «Овора бўлиб келиб юрманг», деб яхши айтдингиз. Сизга чақирув қоғози юбораман, прокуратурага ўзингиз бора қоласиз.
Муовин гезрайганича қолаверди. Зоҳид хонадан чиқди-да, «Қоровул бало экан», деб қўйди. Қоровул эса уни бир пиёла чойга таклиф қилиб:
— Қалай, қопмадими? — деб сўради.
— Ўзи қополмади, зўрроғи бор экан, ўшанга қоптирди, — деб кулди Зоҳид.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК