Содир этилаётган қотилликларнинг ярмидан кўпи оилавий можаролар оқибати эканлиги маълум бўлди
Бу маълумотлар 2018 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлисида очиқлангани тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг аъзолари, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ва минтақавий ишчи гуруҳ раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.
Баъзи ҳудудларда жиноят-қидирув йўналишидаги айрим жиноят турларининг сони ошиб бораётгани, айниқса, ташвишли ҳол эканлиги, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида қасддан одам ўлдириш, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оғир тан жароҳати етказиш, Жиззахда босқинчилик, Наманган, Жиззах ва Қорақалпоғистон Республикасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари кўпайгани қайд этилган мажлисда.