Тимур Кападзе “Сурхон” мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?
Ўзбекистон Суперлигасининг 7-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” (2:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Тимур Кападзе иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди. “Лочинлар” устози одатдагидек ўйин ҳақидаги фикрлари билан суҳбатни бошлади.
- Барча жамоани ғалаба билан табриклайман. Келиб қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам миннатдорлик билдираман. Зарур очколарни қўлга киритдик. Учрашув осон ўтмади, биринчи бўлимда кўп жиҳатлар кутилгандек чиқмади. Иккинчи бўлимда берилган кўрсатмалардан кейин футболчилар анча яхши ўйин намойиш этишди. Барча жиҳатдан устунлик қилиб, муҳим ғалабани қўлга киритдик. Энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз, вақт жуда қисқа. Ҳар бир баҳсга пухта тайёргарлик шарт. Максимал даражада ҳаракат қилиб, очколар йиғишимиз керак.
- Биринчи голгача “Навбаҳор”ни таний олмадик. Олдинги ўйинларда, масалан “Андижон”га қарши баҳсда рақибнинг xG кўрсаткичи юқори бўлган эди. Бу сизда хавотир уйғотмаяптими?
- Улар бизга умуман зарба беришмади. Қандай қилиб xG бўлиши мумкин? Менимча, олдинга узатилган айрим паслар ҳам ҳисобга олинаётгандир. “Сурхон” ёшлардан тузилган яхши жамоа, кучли прессинг қилади. Йигитлар ҳаракат қилишди, бу жиҳатларни янада яхшилаймиз. Биринчи бўлимда прессингда хатолар бўлди. Иккинчи бўлимда эса камчиликларни тузатдик. Рақибнинг имкониятлари ҳам кўп нарсага таъсир қилади. Андижондаги ўйинда футболдан кўра кўпроқ кураш бўлган. Бу учрашувни ҳам таҳлил қиламиз. Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Футболчиларни ривожлантирамиз. Ҳар куни назарий машғулотлар бор. Асосийси — очколар йиғиш.
- Жамоанинг легионерлари ҳақида фикрингиз? Кати, Алекс ва Илич яхши ўйнашди. Кати сариқ карточка учун алмаштирилдими?
- Кати бўйича кўп саволлар бўлган, айниқса прессинг жиҳатидан. “Андижон”дан кейин қийин ҳолатга тушган. Ўша ўйин таъсири сезилди, тўлиқ тайёр эмасди. Лекин барибир бор кучини берди. Қолган легионерлар ҳам яхши ҳаракат қилишди. Таркибдаги 23 футболчи бир-бирига яқин. Ротация қилиш имкони бор ва бу зич календарда жуда муҳим. Жароҳатдагилар қайтса жамоа яна кучаяди. Индивидуал маҳоратдан ташқари жамоавий ўйин ҳам муҳим.
- Мерганов билан тўқнашувда Катига сариқ берилди. Вазият қизилга ҳам тортиши мумкин эди. Ҳакам билан тортишдингиз...
- Дарвозабон ўзи тўпга чиқди. Агар дарвозабон биринчи ҳаракат қилса ва ҳужумчи курашса, нима қилиш керак? Менимча, у тўпга уринди, лекин улгурмади. Атайин қоидабузарлик бошқа масала. Катида яхши имконият бор эди, тезроқ ҳаракат қилса гол бўлиши мумкин эди.
- Сизнинг ротацияларингиз мухлисларга ёқяпти. Бу мажбуриятми ёки танловми?
- Бу мажбурий эмас. Ҳар бир футболчи кўрсатмаларни бажарса имконият олади. Олдинги тур оғир бўлгани учун ротация керак эди. Биринчи бўлимда кураш кўп бўлади, шунинг учун чарчоқ ҳам кўп. Шунинг учун барчасини ҳисобга оламиз. Кимдир асосий таркиб, кимдир захирадан тушади. Асосийси — жамоага фойда. Футболчи ўзини асосий таркибда деб ҳис қилиши керак. Ғалабада барчанинг ҳиссаси бор. Бир ёқадан бош чиқарсак кучли бўламиз.
- Ротациялар норозилик келтирмаяптими?
- Йўқ, норозилик йўқ. Ҳамма футболчини тонусда ушлаяпмиз. Зич ўйинлар чарчатади. Шу йўл билан уларни тайёр ҳолда сақлаймиз. Иккинчи бўлимда тушганлар ўйинни кучайтирди. Бу нормал ҳолат. Муаммо йўқ.
- Муҳаммадали Ғиёсов қачон қайтади?
- Биз ҳам кутаяпмиз. Даволанишда. У ҳимоячилар учун катта муаммо ярата олади. Норчаев ҳам қайтса танлов қийинлашади. Ҳозир асосийси — очколар. Ҳар бир футболчидан тўғри фойдаланамиз.
- Сизни омадли мураббий дейишади...
- Мен ҳар доим тўғри йўл танлаганман. Ишга юракдан ёндашаман. Катталар дуосини олишга ҳаракат қиламан. Инсон меҳнат қилса, албатта натижа бўлади. Ҳаракатда баракат. Худо ҳам йўлимизни очади.