Тожиев: “Нефтчи”га қарши ўйинда қатъий ҳимоя ғалабани таъминлади
Суперлиганинг 6-турида бўлиб ўтган “Нефтчи” – “Пахтакор” (0:1) учрашувидан сўнг Тошкент клуби бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этиб, баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Мураббийга кўра, жамоа ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган ва учрашувни яхши руҳда бошлаган. Унинг таъкидлашича, “Нефтчи” кучли рақиб сифатида охиригача кураш олиб борган. Бироқ бундай ўйинларда битта гол ҳаммасини ҳал қилиши мумкин ва айнан шу ҳолат учрашув тақдирини белгилаган.
Тожиев биринчи бўлимда киритилган голдан сўнг, иккинчи таймда ҳисобни сақлаб қолиш учун жамоа кўпроқ ҳимоявий ўйин услубига ўтганини айтди. У барча футболчиларни мақтаб, уларнинг ўйин даражасидан мамнун эканини билдирди.
“Нефтчи”нинг ҳужумдаги самарасизлиги ҳақида саволга эса мураббий аниқ жавоб бериб, рақиб томонидан нима етишмаганини уларнинг ўзи таҳлил қилиши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, “Пахтакор”нинг ҳимояда жамоавий ва уюшқоқ ҳаракат қилгани ғалабада муҳим омил бўлганини қайд этди.
Ўйин давомида футболчиларнинг тез-тез ерда ётиб қолиши ҳақидаги саволга жавобан Тожиев бу махсус тактика эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, баъзи тўқнашувлар оқибатида шундай ҳолатлар кузатилган, аммо бу кўп такрорланмаган. Шунингдек, олдинги ўйинларда чарчоқ сезилган бўлса-да, бу баҳсда у деярли сезилмаганини билдирди.
Учрашув режаси ҳақидаги саволга жавоб бериб, мураббий олдиндан айнан ҳимояга асосланган тактика танланмаганини айтди. Унингча, ким биринчи гол урса, ўша жамоа устунликка эга бўладиган ўйин бўлган ва “Пахтакор” ушбу имкониятдан унумли фойдаланган.
Тожиевнинг фикрича, жамоа вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилган ва ақлли ўйин туфайли муҳим ғалабага эришган.