Иштван Ковач ЕЧЛдан четлатилди: “Барселона” шикояти натижа берди
Руминиялик ҳакам Иштван Ковач жорий мавсум Европа Чемпионлар Лигасининг қолган ўйинларида ишламайди. УЕФА ушбу қарорни қабул қилишига унинг баҳсли учрашувдаги фаолияти сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, Ковач ЕЧЛ чоракфинали доирасида “Барселона” ва “Атлетико” (0:2) ўртасидаги ўйинни бошқарган. Айнан шу баҳсда иккинчи бўлимда “Атлетико” дарвозаси томон содир бўлган вазиятда пенальти белгиланмаган. Ҳакам ушбу эпизодга реакция кўрсатмагани катта муҳокамаларга сабаб бўлган.
Ўша ҳолатдан сўнг “Барселона” клуби ҳакамлик қарорларидан норози бўлиб, УЕФАга расмий шикоят юборган эди. Каталонияликлар пенальти берилиши керак бўлган вазиятни ҳал қилувчи хатолардан бири сифатида кўрсатган.
“Diario Sport” нашри маълумотига кўра, УЕФА шикоятни кўриб чиққан ва натижада Иштван Ковачни бу мавсум ЕЧЛ ўйинларидан четлатишга қарор қилган. Шу тариқа, у жорий мавсум Европа Чемпионлар Лигасида бошқа учрашувларда ишламайди.
Бу қарор футбол жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир томон уни адолатли қадам деб баҳоласа, бошқалар ҳакамлар устидан босим ортиб бораётганини таъкидламоқда.