Машҳур журналист Генри Винтер: Абдуқодир Ҳусановни мақташ лозим...
Абдуқодир Ҳусанов бу мавсумда ҳам клуб, ҳам терма жамоада ўзига хос самарали ва ишончли ўйини билан мухлисларни ҳайратга солмоқда. Ўзининг қатъий ва барқарор ҳаракатлари орқали у жамоавий совринларни қўлга киритиши билан бирга, шахсий ютуқларини ҳам намоён этмоқда.
Масалан, Ҳусанов «Манчестер Сити» сафида Англия Лигаси Кубогида ғолибликни қўлга киритди. У ўз майдонидаги таъсирли ўйинлари туфайли январь ва март ойларида клубнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва индивидуал совринларга сазовор бўлди.
Шунингдек, 22 ёшли ҳимоячи Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан FIFA Series 2026 мусобақасида ғолибликни нишонлади. Ҳусанов шунингдек янги халқаро турнирда энг яхши ўйинчи деб топилиб, яна бир муҳим индивидуал мукофотга эга бўлди.
Клуб раҳбарияти ўзбек футболчисининг тез суръатдаги ривожланиши ва эришган натижаларига қараб, унга янги, яхшиланган шартнома таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.
Европанинг нуфузли нашрлари ҳам Ҳусановга катта эътибор қаратмоқда. Масалан, The Athletic уни дунёнинг энг кам баҳоланган футболчилари сирасига киритди. Унинг тезлиги, тактик тушуниш қобилияти ва тўп учун берилган кураши алоҳида таъкидланган.
The Athletic нашри Абдуқодир Ҳусанов ҳақида шундай ёзди: “Ҳусанов табиатан камгап, аммо у майдонда қуруқ гапларсиз ўзини исботлайди. Бу мавсумда у яққол ўсишни намоён қилди. Унинг асосий кучли жиҳатлари — тезлик, ўйинни аъло даражада тушуниш ва тўп учун агрессив кураш.
Ҳусанов табиатан камгап ва у ўзини майдонда муросасиз ўйини орқали намоён қилади.
Бу мавсумда у шунчалик ривожландики, “Манчестер Сити”нинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди”.
Машҳур журналист Генри Винтер ҳам Ҳусановнинг фаолиятини юқори баҳолади. Унинг тезлиги, атлетизми, мақсадга интилиши, кучли паслари ва майдондаги жасорати мухлислар ва экспертлар эътиборини тортмоқда.
Абдуқодир Ҳусановни мақташ лозим. “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси яқинда 22 ёшга тўлди, у ҳали ўз ўйинини такомиллаштирмоқда, ҳали ҳам хатоларини тўғриламоқда, аммо тезлиги, атлетизми ва мақсадга интилиши билан тобора кўпроқ таассурот қолдирмоқда.
Шунингдек, унинг содда, аммо самарали паслари ва кучли курашга бўлган муҳаббати ҳам эътиборга лойиқ. “Уэмбли”да Кай Хаверцдан тўпни тортиб олиш учун орқага югургани шунчаки ҳайратланарли эди.
Ҳусанов финалда яхши ўйнади, Виктор Дьёкерешга қарши ўйинга мослашиб борди. У ҳали ҳам баъзан шошқалоқ подкатлар қилади. У Дьёкерешни тўхтатди, аммо сариқ карточка уни чалғитмади. Кейинги соат давомида у яна дуэлларда ғалаба қозонишга эътибор қаратди.
Ҳусановнинг салоҳияти ва характери ҳеч қачон шубҳа остида бўлмаган. «Сити»даги дебютидан бери у майдонда хатолардан тўғри сабоқ олиб, профессионал ривожланишини давом эттирмоқда.
2025 йил январда “Сити”даги дебютида у маҳаллий тилни билмас эди ва атиги икки марта машғулот ўтказган эди. Ўйин бошида икки хато қилди, “Челси”га гол уриш имконини берди ва Коул Палмерга қарши қоидабузарлик учун сариқ карточка олди. Аммо Абдуқодир ўйнашда давом этди ва “Сити”даги карьерасини ҳам ривожлантира бошлади. Клуб уни “Бизнинг ўзбек жангчимиз”, деб атайди.
Скаутлар унинг потенциалига эрта эътибор қаратган ва «Ланс»дан 33,6 миллион фунтга сотиб олган. Шунингдек, “Ланс” скаутлари ҳам Ҳусанов Беларусда “Энергетик-БГУ” жамоасида ўйнаганида унга эътибор қаратганини ҳам алоҳида тилга олиш лозим. Ҳусанов ҳали ҳам айрим жиҳатларда, айниқса ҳаводаги курашларда ўз устида кўпроқ ишлаши керак, аммо у юқори даражали марказий ҳимоячига айланиш учун барча имкониятларга эга. Ва у ҳали атиги 22 ёшда.
Абдуқодир Ҳусанов эса шу кунга қадар ўз салоҳияти ва майдондаги қатъийлиги билан барча мухлисларни ҳайратда қолдирмоқда.