Баҳодир Жалолов: Ташлаб кетмоқчи бўлган бокс уни чемпион қилди (видео)
Баҳодир Жалолов MY5 телеканалининг “Эфирда Тўрахонов” кўрсатувида берган интервюсида ҳаётидаги энг оғир ва бурилишли даврлар ҳақида очиқ гапирди.
Боксчининг айтишича, у бир вақтлар спортни бутунлай тарк этиш арафасига келган:
“2016 йилда Олимпиадада ютқазганимдан кейин боксни ташламоқчи бўлганман. Бошқа иш билан шуғулланишни ўйладим. Чунки 2017 йилда Гамбургда ўтган Жаҳон чемпионати финалида ҳам мағлуб бўлдим. Отам вафот этганидан кейин онамга 'энди бошқа иш қиламан' дедим. Онам эса 'Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, ўғлим', деб менга катта далда берди.
Мураббийим Тўлқин ака ҳам 'ҳали чемпион бўласан, зўр бўласан', деб мени руҳлантирди. Шундан кейин ўзимга ваъда бердим: 'Худо хоҳласа, 2020 йилги Олимпиадага бориб, албатта чемпион бўламан'.
Шундан сўнг жуда қаттиқ меҳнат қилдим. Кунига уч маҳал машғулот ўтказиб, устимда тинмай ишладим. Кейинчалик ўртоғим билан Америкага, Маямига йўл олдик. Промоутерлар билан боргандик. Промоутерларни яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам бор. Биз шу ёмони билан ишлаб, кўп қийинчиликларга дуч келдик ва анча қийналдик.
Машғулотларга бориш учун 8 километр йўлни пиёда босиб ўтардик. Ойига 400 доллар беришарди, бу эса Америкада яшаш учун етарли эмасди. Кўпинча макарон қайнатиб ейишга мажбур бўлардик.
Бир куни мени спаррингга қўйишди. Рақибим кубалик боксчи эди. Уни уриб ташадим. Кейин мени кўриб — 'бу бола қаердан келиб қолди?' деган. Шундан сўнг мураббийим мени машғулотларга ўз машинасида олиб борадиган бўлди.
Шундай оғир синовлардан ўтдик. Охир-оқибат, Худога шукр, Олимпиадада юзимиз ёруғ бўлди”, — дея хотираларини бўлишди Жалолов.