Осиё чемпионатида боксчиларимиз: ғалабалар ва аламли мағлубиятлар куни
Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Чорак финал баҳслари доирасида бугун юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган 5 нафар спортчимиз рингга кўтарилиб, мухлисларга унутилмас жангларни тақдим этди.
-65 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Феруза Абдуалимова шимолий кореялик Хе Сун Хвангга қарши куч синашди. Жанг бошиданоқ кескин ва муросасиз ўтди. Афсуски, иккинчи раундда техник нокаут қайд этилди ва Абдуалимова баҳсни эрта якунлашга мажбур бўлди.
Шу вазндаги яна бир умидли боксчимиз Абдуллоҳ Мадаминов Ҳиндистон вакили Пратап Ядавга қарши рингга чиқди. Рақиб жиддий қаршилик кўрсатишга уринган бўлса-да, Мадаминовнинг фаоллиги, тезкорлиги ва босими ҳал қилувчи омилга айланди. Натижада у мутлақ устунлик билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
-75 кг вазндаги иқтидорли боксчимиз Азиза Зокирова ҳам ўз чиқиши билан мухлисларни хурсанд қилди. У япониялик Наоко Касахарага қарши баҳсда тўлиқ устунликни қўлга киритиб, рақибасига деярли имконият қолдирмади. Учинчи раундда техник нокаут қайд этилди ва Зокирова ишончли тарзда ярим финалга йўл олди.
-60 кг вазн тоифасида Абдураҳмон Маҳмуджонов Иордания вакили Муҳаммад Абуга қарши жанг қилди. Бу баҳсни бемалол “мастер-класс” деб аташ мумкин. Вакилимиз рингда ҳар томонлама устунлик намоён этиб, 5:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди ва ярим финалчилар сафига қўшилди.
+90 кг вазндаги боксчимиз Арман Маханов эса жуда кучли рақиб — Қозоғистонлик жаҳон чемпиони Айбек Оралбайга қарши рингга чиқди. Маханов қаттиқ курашди, бор кучини ишга солди. Бироқ тажриба ва даража ўз сўзини айтди — жанг 1:4 ҳисобида рақиб фойдасига якунланди.
Қисқаси, бугунги баҳслар юртимиз боксчилари учун ҳам синов, ҳам имконият куни бўлди. Уч нафар спортчимиз ярим финалга чиқиб, медал учун курашни давом эттирмоқда. Энди асосий савол — улар финалга йўл олиб, олтин учун жанг қила оладими? Интрига энди бошланяпти.