Жанубий Кореяга қарши баҳсда U-20 қизларимиз мағлубиятга учради
2026 йилги U-20 Аёллар Осиё кубоги доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси навбатдаги учрашувини ўтказди. Таиланддаги “Нонтҳабури” стадионида бўлиб ўтган ушбу баҳсда қизларимиз Жанубий Кореяга қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашув давомида рақиб жамоа ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди ва биринчи бўлим охирига яқин ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 43-дақиқада Жин Хе Рин томонидан киритилган гол кореяликларга устунликни таъминлади. Иккинчи бўлимда ҳам рақиб босимни пасайтирмади ва 72-дақиқада Чо Хё Ян пенальтидан фойдаланиб, ҳисобни янада йириклаштирди.
Шунга қарамай, терма жамоамиз майдонда курашдан тўхтамади ва бир қатор хавфли ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилди. Бироқ якунда ҳисоб ўзгармади ва баҳс кореяликлар фойдасига ҳал бўлди.
2026 йилги U-20 Аёллар Осиё кубоги
2 апрель | 14:00
Таиланд, “Нонтҳабури" стадиони
Корея Республикаси – Ўзбекистон 2:0
Голлар: Жин Хе Рин 43', Чо Хё Ян пенальти 72'
Албатта, бу натижа мухлислар учун кутилганидек бўлмади. Лекин ёш жамоа учун бундай турнирлар катта тажриба мактаби ҳисобланади. Ҳар бир ўйин, ҳатто мағлубият ҳам, келажакдаги ўсиш ва ривожланиш учун муҳим сабоқ вазифасини ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, U-20 аёллар терма жамоамиз олдинда яна икки муҳим учрашув ўтказади. 5 апрель куни қизларимиз КХДРга қарши майдонга тушса, 8 апрель куни Иордания терма жамоаси билан куч синашади.
Энди энг муҳим нарса — руҳий тушкунликка тушмаслик. Турнир ҳали тугагани йўқ, демак, имконият ҳам бор. Қизларимизда характер бор — энди уни натижага айлантириш вақти келди.