Нагельсман Горецка нега Германия терма жамоасига зарур эканини айтди
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн “Бавария” ярим ҳимоячиси Леон Горецкага таянишда давом этишини маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳавбек жорий мавсум якунидан сўнг Мюнхен клубини тарк этиши кутилмоқда, бироқ миллий жамодаги ўрни ҳануз муҳимлигича қолмоқда.
Нагельсманннинг таъкидлашича, Горецка бу мавсум “Бавария”да кўп ўйин амалиётига эга бўлмаётган бўлса-да, у саралаш баҳсларидаги ролига яқин вазифада 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам фойдали бўлиши мумкин. Мураббий унинг жарима майдонига ўткир ёриб кириши, ҳаводаги курашдаги устунлиги ва жисмоний қувватини алоҳида қайд этди. У Шимолий Ирландияга қарши учрашувни эслаб, Горецкасиз ғалаба қозониш қийин бўлганини, у кўплаб эпизодларда бош билан тўпни узоқлаштириб жамоани қутқариб қолганини айтди. Нагельсманн фикрича, ЖЧ-2026да ҳам Германия юқоридан прессинг қиладиган, рақиб эса узоқ узатмаларга ўтадиган вазиятлар кўп бўлади ва бундай пайтда Горецканинг фазилатлари жуда асқатади.
Ой охирида Германия терма жамоаси Швейцария ва Ганага қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади.