"Суперлига 2026" илк тури катта интрига билан бошланиш арафасида
Ўзбекистон Суперлигасида янги “Мавсум-2026” расман старт олади. Футбол ишқибозлари узоқ кутган онлар етиб келди: биринчи тур баҳслари 27 февраль куни старт олиб, 1 март санасида якунига етади. Илк турнинг ўзиёқ мухлисларга қизиқарли тўқнашувлар, янги мураббийлар дебюти, принципиал қарама-қаршиликлар ва кутилмаган натижалар эҳтимолини тақдим этади. Қисқаси, чемпионатнинг дастлабки қадамиёқ анча шиддатли ва томошабоп руҳда ўтиши кутилмоқда.
27 февраль куни мусобақанинг илк ўйини Бухорода бўлиб ўтади. Соат 18:00 да “Бухоро” ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Александр Хомяков бошқарувидаги мезбонлар янги мавсумни ишончли бошлашни мақсад қилган. Қўқонликлар эса янги бош мураббий Андрей Шипилов қўл остида илк расмий учрашувини ўтказади. Бу беллашув ўзига хос хос синов бўлади. Айниқса, таркибини кучайтирган “Қўқон-1912”дан кутилмалар бор. Ўтган мавсум “Бухоро” шарафини ҳимоя қилган грузиялик ҳужумчи Тома Табатадзе энди собиқ жамоасига қарши ҳаракат қилади. Бу эса учрашувга алоҳида қизиқиш бағишлайди. Ўйин эҳтиёткор, ҳисоб-китобга асосланган сценарийда кечиши, ҳатто тақдирини битта гол ҳал қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
18:45 да “Бобур арена”да “Андижон” ҳамда “Сўғдиёна” ўртасидаги баҳс бошланади. Катта мақсадлар билан янги мавсумга кириб келаётган, таркибини номдор ва сифатли ижрочилар билан мустаҳкамлаган “Андижон”нинг чиқишига қизиқиш жуда юқори. Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа Суперлигадаги илк синовини айнан жиззахликларга қарши топширади. Андижонлик мухлисларнинг футболга чанқоқ кайфияти, трибуналардаги шовқин-сурон ва байрамона муҳит ҳозирнинг ўзидаёқ тасаввурни қиздирмоқда. Кучайган жамоанинг қандай ўйин намойиш этиши кўпчилик учун энг қизиқ мавзулардан бири бўлиб турибди.
Соат 19:00 да Тошкентда “Пахтакор” ва “Қизилқум” ўртасидаги тўқнашув бўлиб ўтади. “Шерлар” ҳар галгидек чемпионлик учун асосий даъвогарлар сафида тилга олинмоқда. Шу боис кўпчилик мезбонларни фаворит сифатида кўраётгани табиий. Бироқ Навоий жамоасини ҳеч ким олдиндан таслим бўлади, деб ўйламаслиги керак. Акмал Рустамов бошчилигидаги “Қизилқум” кучли рақиб учун нохуш сюрприз тайёрлаётгандек таассурот қолдирмоқда. Шунинг учун бу учрашув ҳам оддий кечмаслиги аниқ.
28 февраль куни ҳам футбол байрами қизғин давом этади. 18:45 да Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Нефтчи” “Истиқлол” стадионида “Машъал”ни қабул қилади. Табиийки, бу жуфтликда мезбонлар асосий фаворит ҳисобланади. Таркиб, салоҳият ва ўйин сифати бўйича фарғоналиклар устун кўринади. Шу билан бирга, бу беллашув икки мураббий учун ҳам муҳим. “Нефтчи”нинг янги бош мураббийи Ислом Исмоилов учун бу расмий дебют бўлса, “Машъал”ни бошқараётган россиялик мутахассис Игорь Суров ҳам янги лавозимида илк жиддий имтиҳондан ўтади. Фаворитга қарши старт ўйини ҳар қандай жамоа учун оғир кечади. Аммо “Нефтчи” ўз салоҳиятини тўлиқ кўрсата олса, мухлисларини хурсанд қилиши мумкин.
Соат 19:00 да “Локомотив” ва “Сурхон” ўртасидаги беллашув бошланади. Про лигада қатнашиб, яна Суперлигага қайтган “Локомотив” янги босқични муносиб тарзда бошлашни истайди. Рақиб эса характерли, қайсар ва осонликча ён бермайдиган “Сурхон”. “Темирйўлчилар” таркибини тажрибали футболчилар ҳисобига мустаҳкамлади. Бу эса жамоага муайян барқарорлик ва хотиржамлик бериши мумкин. Икки томон имкониятлари деярли тенг кўринаётгани учун бу ўйинда кураш охирги дақиқаларгача давом этиши мумкин.
Куннинг энг марказий тўқнашувларидан бири эса 19:15 да Самарқандда бўлиб ўтади. “Динамо” ва “Навбаҳор” баҳси 1-турнинг ҳақиқий безагига айланиши кутилмоқда. Вадим Абрамов ва Тимур Кападзе ҳужумкор, жозибали футболни хуш кўрадиган мураббийлардан. Уларнинг жамоалари ҳам мақсад, ҳам амбиция борасида бир-бирига яқин. Совринли ўринлар учун олдинданоқ курашишга бел боғлаган бу клублар учун биринчи турдан очко йўқотиш исталмаган ҳолат. Шу боис эҳтиёткорликдан кўра, ғалаба учун интилиш устувор аҳамият касб этиши мумкин. Трибуналарда аншлаг бўлиши эҳтимоли жуда катта, майдонда эса кескин ва шиддатли футбол кутилмоқда.
1 март куни биринчи турнинг сўнгги учрашувлари ўтказилади. 19:00 да ОКМК ҳамда “Бунёдкор” тўқнашуви мухлислар эътиборини ўзига тортади. Бу баҳсни шартли равишда Тошкент дербиси сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. “Бунёдкор” очиқ, тезкор ва ҳужумбоп ўйин услубига эга жамоа сифатида танилган. Миржалол Қосимов бошқараётган ОКМК эса бу йил анча ёшарган таркиб билан янги қиёфада майдонга чиқади. Шу боис олмалиқликларнинг янги мавсумда қандай ўйин намойиш этиши алоҳида қизиқиш уйғотади.
19:15 да эса Қаршида “Насаф” ва “Хоразм” ўртасидаги учрашув биринчи турга якун ясайди. Рўзиқул Бердиев жамоаси ҳар доим интизомли, мувозанатли ва хавфли рақиб сифатида эътироф этиб келинади. Янги мавсум олдидан “Насаф” кутилганидек йирик трансферлар қилмади, аксинча, айрим йўқотишларга дуч келди. Шу сабабли “бу йилги Насаф қандай бўлади?”, “ўйин услубида ўзгариш бўладими?”, “яна медаллар учун курашадими?” деган саволлар табиий равишда кўпайган. Бироқ Рўзиқул Бердиев ёш иқтидорларни кашф қилиш борасида анчадан бери ўзини исботлаб келяпти. Шу жиҳатдан қараганда, “Хоразм” учун ҳам, бошқа клублар учун ҳам “Насаф” ҳамон жуда жиддий рақиб бўлиб қолаверади.
Қисқаси, Суперлига-2026 илк туриданоқ футбол ихлосмандларини бефарқ қолдирмайдиган манзарани ваъда қилмоқда. Янги мураббийлар, янги умидлар, янгиланган таркиблар ва катта мақсадлар фон ичида ҳар бир ўйинда алоҳида драматургия бор. Энди энг асосий сўзни майдоннинг ўзи айтади. Мухлислар эса яна бир бор севимли чемпионати билан юзма-юз қолади. Агар биринчи тур шундай шиддатда ўтса, демак, бу мавсум ҳақиқатан ҳам жуда қизиқ кечади.