«Реал» ёзда дарвозабон масаласини Кобель билан ҳал қилмоқчи
Мадриднинг «Реал» клуби ёзги трансферлар ойнасида дарвозабонлар чизиғини кучайтириш учун янги номзод изламоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Журналист Хорхе Пикон берган маълумотга кўра, «қироллик клуби» Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси посбони Грегор Кобельни сотиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Швейсариялик дарвозабон «Реал»нинг бу позиция бўйича асосий мақсади сифатида қайд этилмоқда.
Кобель 2021 йилда «Штутгарт»дан «Боруссия»га 15 миллион евроға кўчиб ўтган. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жорий мавсумда у барча турнирларда 36 учрашувда майдонга тушиб, 45 та гол ўтказиб юборди ва 14 ўйинда дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Transfermarkt портали Кобельнинг бозор қийматини 40 миллион евроға баҳоламоқда.