Роналду йирик ғалабадан кейин фикрларини билдирди ва дубл қайд этди
«Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Ал-Ҳазм»га қарши 4:0 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг ўйиндан олган таассуротларини айтиб ўтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Португалиялик юлдуз учрашувда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг Саудия Арабистони чемпионати турнир жадвалида яна пешқадамликка қайтишига катта ҳисса қўшди.
«Ҳаммаси яна аввалгидек. Биз қайтдик, тўғри йўлдамиз ва ўзимизга ишончимиз баланд, ҳаммаси жойида. Мақсад сари қадам-бақадам кетаяпмиз. Ҳозир яхши формдамиз. Кейин нима бўлишини кўрамиз», — дея Роналдунинг сўзларини Al Nassr Zone келтирди.
22 турдан кейин «Ал-Наср» 55 очко билан Саудия лигасида етакчилик қилмоқда ва «Ал-Ҳилол»дан бир очкога олдинда. 25-февраль куни Жорже Жезуш жамоаси сафарда «Ал-Нажма»га қарши майдонга тушади.