Компани Моуриньюнинг Винисиусга қилган танқидини кескин рад этди
Лиссабонда ўтган Чемпионлар лигаси учрашуви можарога сабаб бўлди: Винисиус Жуниор рақиб футболчи Жянлука Престианини ирқчиликда айблади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиндан кейин «Бенфика» бош мураббийи Жозе Моуринью клуб рамзларидан бири қора танли афсона Эусебиу эканини эслатди. Шунингдек, португалиялик мутахассис Винисиуснинг голни нисбатан провокацион нишонлаганини ҳам танқид қилиб, унинг ҳаракатларини шубҳа остига олди.
«Бавария» устози Венсан Компани эса Моуриньюнинг бу ёндашувини нотўғри деб баҳолади. Унинг фикрича, Винисиуснинг байрам қилиш услубини рўкач қилиб, у кўтарган муаммони «дискредитация қилиш»га уринишга ўхшайди ва бу катта хато.
Компани Эусебиу номини бугунги баҳсларда далил сифатида келтириш ҳам ўринсизлигини таъкидлади: 1960-йилларда қора танли футболчилар қандай синовлардан ўтганини ҳамма ҳам тўлиқ ҳис қилмаган бўлиши мумкин. Мураббий Моуриньюни шахсан ёмон одам деб ҳисобламаслигини, кўплаб футболчилар уни ҳурмат қилишини айтган ҳолда, бу вазиятда у хато қилганини қайд этди.
«Бавария» шанба куни «Айнтраxt»ни қабул қилади.