Туркияда бекор қилинган голдан кейин ҳакамга самокат отилди
Туркиянинг қуйи, ярим ҳаваскор лигаларидан бирида ўйин кескин можаро билан якун топди: ҳакам голни ҳисобга олмагач, трибунадан электр самокат улоқтирилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Транспорт воситаси арбитрга тегиб, унга жароҳат етказгани айтилмоқда. Интернетда тарқалиб кетган видео бу воқеани тасдиқлаётгандек кўринади ва у тезда оммалашди.
Ҳодиса «Дарендеспор» ва «Ҳекимҳан» жамоалари баҳсида содир бўлди. Табло 1:1 ни кўрсатиб турган пайтда, 87-дақиқада юзага келган баҳсли эпизодда ён ҳакам Ҳакан Баскур голни қоида бузилган, деб қайд этди.
Шундан сўнг безори мухлисларнинг агрессив реакцияси дарҳол бошланди ва натижада майдонга электр самокат отилди.