Қизил карточка «Челси»га қимматга тушди: «Фулҳэм» драматик баҳсда ғалабани илиб кетди
Англия Премьер-лигасининг 21-тури доирасида «Фулҳэм» ўз майдонида «Челси»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг стартда меҳмонлар тўп назорати ва ўйин суръатини ўз қўлида ушлаб турди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Бироқ 22-дақиқада вазият кескин ўзгарди: Марк Кукуреля Гарри Уилсоннинг яккама-якка чиқиб кетишини қўпол тўхтатгани учун майдонддан четлатилди. Шундан сўнг «Фулҳэм» босимни кескин ошириб, рақиб жарима майдонини тобора кўпроқ «юклай» бошлади. Мезбонлар учун қанотлар асосий ҳужум қуролига айланди.
«Челси» катта куч билан ҳимояланиб, ўйин аста-секинроқ Роберт Санчес дарвозасига кўчди. 55-дақиқада Раул Хименес бош билан аниқ зарба бериб, ҳисобни очди.
Шунга қарамай, лондонликлар бурчак зарбасидан кейин жавоб қайтарди: Лийам Делап қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб бориб, аниқ якунлади ва мувозанатни тиклади.
Аммо «Фулҳэм» ҳужумкор ўйинидан чекинмади ва ўз имконини кутди. 81-дақиқада Гарри Уилсон совуққонлик билан узоқ бурчакка йўллаган зарбаси орқали мезбонларга ғалабани тақдим этди.
Якунда «Челси» ҳисобни қутқариш учун олдинга ўтди, кетма-кет бир нечта бурчак зарбаларини ҳам амалга оширди. Бироқ «Фулҳэм» ҳимояси вазиятни хотиржам назорат қилди ва қўшиб берилган дақиқаларда ҳам ҳисоб ўзгармади.