«Сити» — «Брайтон»: Холанд рекорд остонасида, Ҳусанов асосий таркибда
Англия Премьер-лигасининг 21-турида «Манчестер Сити» ўз мухлислари олдида «Брайтон»ни қабул қилади. Қоғозда рақиб ўртамиёна жамоалардан бири бўлиб кўринса-да, бу баҳсда “осон ўйин” деган гап йўқ: очко йўқотсанг — чемпионлик пойгасидаги масофа дарров узаяди.
Янги йил «шаҳарликлар» учун анча оғир старт олди. 2026 йилнинг дастлабки икки учрашувида «Сандерленд» ва «Челси»га қарши дуранглар қайд этилиб, жамоа қимматли очколардан қуруқ қолди. Энди эса Гвардиола шогирдлари «Брайтон»га қарши майдонга фақат битта мақсад билан чиқади: ғалаба.
Кадрлар танқислиги ва Ҳусановга катта ишонч
Энг катта ташвиш — ҳимоя марказида. «Челси»га қарши баҳсда етакчи марказий ҳимоячилар Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш оғир жароҳат олгани сабаб, Гвардиола «Брайтон»га қарши ўйинда Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Натан Акенинг илк дақиқалардан майдонга тушишига ишонади. Ўзбекистонлик ишқибозлар учун эса бу учрашувнинг алоҳида “таъми” ҳам шу ерда: Ҳусанов катта саҳнада яна бир бор ўзини кўрсатиш имкониятини оляпти.
Ҳоланд учун “ё серия тўхтайди, ё тарих ёзилади”
Бу баҳсда диққат марказидаги яна бир ном — Эрлинг Холанд. Норвегиялик тўпурарнинг олий дивизионда шундай “қаттиқ” статистикаси бор: у ҳали бирор марта кетма-кет тўртта ўйинда гол урмасдан қолмаган. Ҳозирги голсиз серия эса учта ўйин. Демак, «Брайтон»га қарши баҳсда ё нохуш занжир узилади, ё Холанд ўз фаолиятида янги антирекордга дуч келади. Қисқаси, мухлислар учун интрига тайёр.
Қизиқарли фактлар: бу ўйинда рақамлар ҳам гапиради
-
«Манчестер Сити» лигада ўз уйида «Брайтон»га ҳеч қачон ютқазмаган: 12 ғалаба, 3 дуранг. Бу клуб тарихида муайян рақибга қарши уйдаги энг узоқ мағлубиятсиз сериялардан бири.
-
Фил Фоден — ушбу тўқнашувлар тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар. У «Брайтон»га қарши ўзаро баҳсларда жами 11 бор гол урган.
-
«Сити» Премьер-лигада сўнгги икки ўйинни дуранг билан тугатди. Пеп Гвардиола мураббийлик фаолиятида лигада кетма-кет уч дуранг фақат икки марта кузатилган: 2017 йил апрели ва 2023 йил декабрида.
-
2025 йил августида «Брайтон» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда «Сити»нинг собиқ вакили Жеймс Милнер пенальтидан гол уриб, АПЛда 11 метрликдан гол урган энг катта ёшли футболчига айланган: 39 ёшу 239 кун.
-
«Манчестер Сити» Премьер-лигада «Брайтон»га қарши ўтказган барча 17 ўйинда гол урган. Бу рақибга қарши 100 фоизлик голли серия (шунга ўхшаш натижа «Борнмут»га қарши ҳам бор).
-
«Сити» чоршанба кунлари ўтказилган АПЛнинг сўнгги 33 ўйинидан 31 тасида ғалаба қозонган (1 дуранг, 1 мағлубият). Уйда эса чоршанба куни ўтказилган сўнгги 22 ўйиннинг барчасида ютган — лига тарихида муайян ҳафта кунида уйдаги жуда узоқ серия.
Қачон ва соат нечада?
«Манчестер Сити» — «Брайтон» учрашуви 7 январдан 8 январга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:30 да старт олади.
Хулоса қисқа: бу кеча оддий ўйин эмас. Бир томонда — очко йўқотишга ҳақи қолмаган «Сити», иккинчи томонда — фаворитларга “қақшатқич” бўлишни яхши кўрадиган «Брайтон». Ва албатта, биз учун яна бир алоҳида линия бор: Абдуқодир Ҳусановнинг катта имтиҳони.