Равшан Ҳайдаровнинг ишончи баланд: U23 Осиё кубогига тўлиқ тайёрмиз
U23 Осиё кубоги 1-тур ўйинлари олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳамда футболчимиз Саидумархон Саиднуруллаев иштирок этиб, мусобақа олдидан кайфият, тайёргарлик ва гуруҳдаги рақиблар ҳақида фикр билдирди.
Равшан Ҳайдаров анжуманни саломлашув билан бошлаб, аввало мусобақа ташкилий даражада юқори савияда ўтаётганини таъкидлади.
— Ассалому алайкум. Авваламбор, мана шу мусобақада иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Ташкилий томондан барчаси ажойиб. ОФК ҳамда маҳаллий ташкилий қўмитага миннатдорчилик билдираман. Барча жамоаларга омад тилайман, — деди мураббий.
Ҳайдаровнинг сўзларида яна бир муҳим жиҳат бор эди: у бу турнирни жамоа учун катта қадрга эга мусобақа сифатида кўрсатди. Айтишича, Ўзбекистон U23 термаси бу майдонда доим яхши натижалар қайд этиб келган, шу боис навбатдаги иштирокдан ҳам умидлар катта.
— Биз бу мусобақани яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Бу турнирда рейтингимиз баланд. Ҳар доим юқори натижаларга эришиб келамиз. Ўйлайман, бу гал ҳам муносиб иштирок этиб, яхши кўрсаткич қайд этамиз, — деди у.
Гуруҳдаги рақиблар ҳақида гап кетганда эса, мураббий “осон йўл” йўқлигини яширмади. У гуруҳда кучли жамоалар тўпланганини, уларнинг тажрибаси ва имкониятлари яхши ўрганилганини айтди. Шунга қарамай, Ҳайдаров ўз шогирдларига ишонишини очиқ билдирди.
— Албатта, гуруҳимизда кучли жамоалар йиғилган. Улар қандай футбол ўйнашини, имкониятларини биламиз. Биз ёш таркиб билан қатнашяпмиз, лекин мен жамоамизга ишонаман. Футболчилар билан суҳбатда ҳам айтдим: бу турнир улар учун катта “кўприк” вазифасини ўтайди, — деди бош мураббий.
Матбуот анжуманида сўз олган Саидумархон Саиднуруллаев ҳам тайёргарлик жараёни ва жамоа ички муҳити ҳақида тўхталди. Унинг таъкидлашича, йиғинлар режа асосида ўтган ва жамоа мусобақага руҳан ҳам, жисмонан ҳам тайёр.
— Тайёргарлик яхши бўлди. Дастлаб Тошкентда, кейин Қатарда йиғин ўтказдик. Адаптация етарли даражада ўтди. Асосий мақсадимиз — мусобақада муносиб қатнашиб, юқори натижа кўрсатиш, — деди футболчи.
Ички муҳит ҳақидаги саволга эса у қисқа, лекин ишончли жавоб берди: жамоада кайфият юқори, ҳамма бир мақсад атрофида жипс.
— Ички муҳит ажойиб. Ҳамма яхши кайфиятда. Олдимизда қандай турнир турганини яхши тушунамиз. Жамоамиз мусобақага 100 фоиз тайёр, — дея таъкидлади Саиднуруллаев.
Хулоса шу: U23 термаси турнир олдидан ўзини ишончли ҳис қилаяпти. Рақиблар кучли, босим катта, лекин тайёргарлик бор, ички муҳит бор, энг муҳими — мақсад аниқ. Энди барчаси майдонда исботланади.