Гулен экстрадицияси бўйича Туркия-АҚШ қўшма комиссияси тузилади
Бу ҳақда маълум қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Анқара бундай комиссия ишида қатнашишга ҳозирлигини билдирди.
Эрдўғон ҳукумати туркиялик диний пешво Фатҳуллоҳ Гуленни 16 июлга ўтар кечаси рўй берган давлат тўнтариши уриниши ортидаги асосий шахс деб эълон қилди.
1999 йилдан бери Америкада яшаëтган 75 яшар Гулен тўнтариш уринишини қоралади ва унга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
Анқара ҳукумати ҳозирда Гуленни АҚШдан экстрадиция қилишни сўровчи расмий ҳужжатларни Вашингтонга юборишга ҳозирланмоқда.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри бундай сўров юборилган тақдирда унинг кўриб чиқилиши¸ аммо Гуленни экстрадиция қилиш учун унинг айбини тасдиқловчи ўта жиддий далиллар бўлмоғи лозимлигини билдирди.
Давлат тўнтариши уриниши муваффақиятсиз тугаганидан сўнг Туркия бўйлаб 60 мингдан ошиқ давлат хизматчиси гуленчиликда айбланиб ишдан бўшатилди¸ 6000 дан ошиғи¸ ҳибсга олинди. Улар орасида 100 дан ошиқ генерал¸ минглаб полиция ва адлия ходимлари бор.