Ғарб давлатлари Путиннинг украиналикларга Россия фуқаролигини беришни осонлаштириш қарорини қоралади
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамда Ғарб давлатлари Россия президенти Владимир Путиннинг Украина шарқида айирмачилар бошқарувида яшаётган Украина фуқароларига Россия фуқаролигини бериш жараёнини осонлаштириш қарорини қоралади.
ЕХҲТ 25 апрель куни эълон қилган баёнотда ташкилот “ушбу бир тарафлама чора Украинада ва Украина атрофидаги бўҳронга тинч ечим топиш ҳаракатларига путур етказади деган фикрда”, дейилади.
24 апрель куни президент Путин Украина шарқида яшаётган украиналиклар Россия фуқаролигини олишини осонлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бу эса Украина ва унинг ҳамкорлари ғазабига сабаб бўлди. Уларнинг айтишича, бундай чора Украина суверенитетига таҳдид солади ва олиб борилаётган тинчлик музокараларига путур етказади.
Киев кучлари 2014 йилдан бери Украинанинг Донецк ва Луганск ҳудудларида Россия дастаклаб келаётган айирмачилар билан тўқнашиб келади. Урушда бугунга қадар 13 мингга яқин одам ҳалок бўлди.
25 апрель куни Украинанинг БМТдаги доимий вакили Владимир Ельченко Путиннинг фармони ноқонуний эканлигини айтиб, БМТ Хавфсизлик кенгашини Кремлга чора кўришга чақирди.