Қамчиқ довонида Ивеко юк машинасида кучли ёнғин содир бўлди
Фото: ФВВ
«Қамчиқ» довонида юк ташувчи катта ҳажмли “Ивеко” русумли автомашинада кутилмаган ёнғин юзага келди. Ҳодиса ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расман маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 11 апрель куни соат 15:43 да А-373 автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтувчи қисмида, Тошкентдан Водий йўналиши томон ҳаракатланаётган “Ивеко” юк автомобилида тўсатдан аланга чиққан. Воқеа ҳақида тезкор тарзда “Қамчиқ” махсус қутқарув бошқармасига сигнал келиб тушган.
Қутқарув хизматлари вазиятга зудлик билан жавоб бериб, соат 15:53 да ҳодиса жойига етиб борган. Оператив ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:00 да тўлиқ бартараф этилган.
Йўлдаги кутилмаган аланга оқибатида автомобилнинг ҳайдовчи салони тўлиқ ёнган, тиркама қисми эса қисман зарар кўрган. Шунга қарамасдан, тезкор ва самарали ҳаракатлар туфайли юк тиркамасининг тахминан 90 фоизи сақлаб қолинган.
Энг муҳими — ушбу воқеа оқибатида инсон йўқотишлари ёки тан жароҳати олганлар қайд этилмаган. Вазият назоратга олиниб, йўл ҳаракати тезкор равишда тикланган.
Бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун ҳайдовчилардан техника ҳолатига эътиборни кучайтириш талаб этилади — йўлда бир неча дақиқалик эътибор, катта йўқотишларнинг олдини олиши мумкин.