Роналду араб кубоги баҳсига изоҳ билдирди: “Қабул қилиш — фазилат”
Криштиану Роналду ўзининг фанатлар саҳифасида Араб чемпионлар кубоги ҳақида қилинган постга изоҳ қолдирди. Унда ушбу мусобақа ва ундаги голлар атрофидаги муҳокамалар яна бир бор жонланди.
cr7historical номли фан-аккаунт “Ал Наср” клуби 2023 йилда ғолиб чиққан Араб чемпионлар кубогини расмий турнир сифатида талқин қилиб, Роналдунинг ушбу мусобақада киритган голлари унинг умумий статистикасидан чиқариб ташланмаслигини таъкидлаган.
Постда, шунингдек, “FIFA бошиданоқ ушбу совринни расмий турнир сифатида тан олган. Демак, бу мусобақадаги титул ҳам, Роналдунинг голлари ҳам унинг профессионал фаолияти статистикасига қўшилади. Унинг 967 та голидан бирортаси ҳам ўчирилмайди”, деган фикр билдирилган.
Роналду эса бу муҳокамага қисқа ва аниқ жавоб бериб, постга “Қабул қилиш — фазилат” деб изоҳ қолдирди.
Маълумот учун, Араб чемпионлар кубоги доимий равишда ўтказилмайдиган, кўпроқ халқаро ўртоқлик турнири мақомига эга мусобақа сифатида баҳоланади.