Исломободда АҚШ ва Эрон музокаралари бошланмоқда
Яқин соатларда АҚШ ва Эрон ўртасида муҳим музокаралар старт олиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, учрашувлар Исломобод шаҳрида Тошкент вақти билан соат 17:00 дан кейин бошланади. Бу ҳақида Al Hadath хабар берди.
Манбаларга кўра, томонлар музокараларни икки форматда — бевосита ва воситачилик орқали олиб боришни режалаштирмоқда. Хусусан, дастлабки босқичда келишув кун тартиби Покистон вакиллари орқали мувофиқлаштирилиши мумкин.
Шундан сўнг, АҚШ ва Эрон делегациялари тўғридан-тўғри мулоқотга ўтиши кутилмоқда. Бу эса узоқ вақтдан буён кескин бўлиб келаётган муносабатларда муайян юмшаш аломатларини англатиши мумкин.
Экспертлар фикрича, мазкур музокаралар икки давлат ўртасидаги зиддиятларни камайтириш, айниқса хавфсизлик ва ядровий дастур масалаларида ўзаро тушунишга эришишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.