Можтаба Хоманаий отаси учун қасос олишга қатъий ваъда берди
Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий халққа қилган мурожаатида мамлакат АҚШ ва Исроил билан давом этаётган можарода ғалаба қозонганини айтди. Унинг таъкидлашича, Эрон ҳозирги кунда “учинчи муқаддас мудофаа” босқичида муваффақиятга эришган.
“Бугунги вазиятгача сиз бу эпик курашда ғалаба қилдингиз, деб бемалол айтиш мумкин”, — деди у.
Хоманаий Эрон уруш истамаслигини, бироқ ўз ҳуқуқларидан воз кечмаслигини билдирди. У Ҳормуз бўғози устидан назорат сақланишини ва бу стратегик йўналишда сиёсат кучайтирилишини таъкидлади.
“Ҳормуз бўғозини бошқариш янги босқичга кўтарилади”, — деди у.
Шу билан бирга, у АҚШ ва Исроил томонидан етказилган зарарлар учун тўлиқ товон талаб қилинишини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳар бир тўкилган қон ва етказилган талафот жавобсиз қолмайди.
Можтаба Хоманаий, шунингдек, отаси — Эроннинг собиқ олий раҳнамоси ва бошқа ҳалок бўлганлар учун қасос олиш нияти қатъий эканини билдирди. У Форс кўрфази давлатларига мурожаат қилиб, қўшниларни эҳтиёткор бўлишга ва ташқи таъсирларга алданмасликка чақирди.
Айни вақтда АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини айтган, бироқ музокаралар муваффақиятсиз бўлса, жиддий оқибатлар бўлиши ҳақида огоҳлантирган.
Манбаларга кўра, ушбу келишув жараёнида Можтаба Хоманаийнинг роли муҳим бўлган ва айнан унинг розилиги билан вақтинчалик танаффус амалга оширилган.
Шу билан бирга, Исроил сулҳдан кейин Ливаннинг Байрут шаҳрига ҳаво зарбалари бергани, юзлаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Исроил бу ҳужумларни “Ҳизбуллоҳ”га қарши амалга оширилганини билдирган.
Ҳодисалардан сўнг Эрон Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини чеклаб қўйди ва фақат Теҳрон рухсат берган кемаларга ўтишга изн берилмоқда. Эрон парламенти эса сулҳ шартларининг бир қисми бузилганини таъкидлаб, вазият янада кескинлашганини билдирди.