Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи Бухорода тантанали бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Олий даражадаги меҳмон Бухоро халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёев томонидан шахсан кутиб олинди. Бу ерда икки давлат ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларни акс эттирувчи тантанали қабул маросими бўлиб ўтди.
Маросим давомида миллий мусиқа, қўшиқ ва рақс намуналари намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради, бу эса тадбирга янада расмий ва тантанавий руҳ бағишлади.
Режага кўра, бугун икки давлат раҳбарлари ўзаро музокаралар ўтказади. Шу билан бирга, улар Бухоронинг бой тарихий мероси билан танишиб, шаҳарнинг машҳур обидаларига ташриф буюради. Шунингдек, саноат корхоналари фаолиятини ўрганиш ва бошқа қатор расмий тадбирлар ҳам режалаштирилган.
Ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.