Бефарқлик эмас, она меҳри ғолиб келди...
ФИБ Яккасарой туманлараро судининг 2023 йил 19 майдаги суд буйруғига асосан, қарздор она Г.М.дан ундирувчи И.И. фойдасига икки нафар фарзанди таъминоти учун даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Сергели туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, ижро иши юритиш қўзғатилган.
Бироқ, қарздор она бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамасдан, фарзандлари тарбиясига бефарқ муносабатда бўлиб, алимент тўловларини амалга оширмаган. Натижада, қарздорлик миқдори қарийб 50 миллион сўмга етган. Шу сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича судга юбориш масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.
Бироқ, давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари, суҳбатлар ва ҳаётий мисоллар орқали қарздор онага фарзанд тарбиясидаги масъулият, меҳр ва эътиборнинг ўрни яна бир бор англатилди.
Натижада, оиладаги совуқчилик бартараф этилиб, эр-хотин ўзаро ярашди. Она ўз фарзандларини яна бағрига олди, улар тарбиясига бефарқ эмаслигини амалий ҳаракатлари билан исботлади. Шу муносабат билан, мазкур ижро ҳужжати қонуннинг 40¹-моддасига асосан тамомланди.
Қонун жазо бериш учун эмас, аввало инсонларни тўғри йўлга солиш, оилаларни асраш ва болалар манфаатини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.