Альваро Арбелоа: "Реал" тўлиқ куч билан ўйнамаяпти...
Испания чемпионатининг 31-тури “Реал” учун омадсиз бошланди. Мадридликлар ўз мухлислари олдида “Жирона”га қарши учрашувда ғалаба қозона олмай, муҳим очколарни бой берди.
Ўз майдонида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган жамоа ҳозирги ҳолатда Ла Лига пешқадами “Барселона”дан, бир ўйин кўпроқ ўтказганига қарамай, олти очко ортда қолмоқда. Бу эса амалда “қаймоқранглилар”нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини анча қийинлаштириб қўйди.
Учрашувдан кейин “Реал” бош мураббийи Альваро Арбелоа натижа ва йўқотилган очколар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, жамоа ҳар доим ҳам ўз имкониятларининг тўлиқ салоҳиятини ишга солмаяпти.
“Ҳар қандай рақибни мағлуб этиш учун 200 фоиз куч билан ўйнаш керак. Биз эса кўп ҳолатда ҳатто 90 фоиз имкониятимиздан ҳам тўлиқ фойдаланмаяпмиз.
Агар сен ўртача кучли ёки ўзингдан кучсизроқ жамоаларга қарши ишончли ўйнашни истасанг, ҳар бир баҳсда максимал куч беришинг шарт. Акс ҳолда бундай йўқотишлар яна такрорланаверади”, — деди Арбелоа.
Мазкур дуранг “Реал” учун чемпионлик курашини янада мураккаблаштириб, жамоага босимни оширди.