Олмазор туманида ноқонуний қиморхона фош этилди
Тошкентнинг Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ноқонуний қимор фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Аниқланишича, 1998 йилда туғилган шахс Олмазор туманидаги Дилсарой кўчасида жойлашган хонадонлардан бирида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ноқонуний равишда ташкил қилиб келган. У ерда қимор ўйинлари учун махсус шароит яратиб берилгани ҳам фош этилди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида воқеа жойидан нақд пуллар, резина таёқ ҳамда ўйин карталари далилий ашё сифатида мусодара қилинди.
Гумонланувчининг айтишича, у бир неча ой давомида танишлари билан қимор ўйинларини йўлга қўйган. “Қилган ишимдан афсусдаман. Бу иш ноқонуний эканини билардим, аммо ўша пайтда шахсий эҳтиёжларим учун пул зарур эди. Бундай йўлни ҳеч кимга тавсия қилмайман”, дея изоҳ берган у.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 278-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.