Россияда шифокорлар 71 дақиқа тўхтаб қолган юракни қайта ишга туширди
Россиянинг Кузбасс ҳудудида 43 ёшли аёл оғир инфаркт сабабли кардиодиспансерга олиб келинган ва қабул бўлимида клиник ўлим ҳолатига тушган. Шунга қарамай, шифокорлар уни қутқариш учун узлуксиз реанимация чораларини давом эттирган.
Мутахассислар юрак массажи ва сунъий нафас беришни тўхтатмасдан, параллел равишда текширувлар ўтказган. Натижада қон томирларидан бири тўсилгани аниқланиб, унга стент ўрнатилган.
Вилоят ҳокими маълумотига кўра, одатда реанимация жараёни 30 дақиқагача давом этади. Бироқ бу сафар 71 дақиқадан сўнг беморнинг юрак фаолияти қайта тикланган. Энг муҳими, беморнинг мияси шикастланмаган ва ҳозирда унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.