АҚШ ўзи хоҳлаётгандай кучли эмас — Такер Карлсон
Америкалик журналист ва сиёсий шарҳловчи Такер Карлсон АҚШнинг ҳарбий қудрати ҳақида кескин баёнот бериб, жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг фикрича, мамлакат ўзини дунёдаги энг кучли армияга эга давлат сифатида намоён этса-да, амалда бу даражада таъсир кўрсата олмаётгани аён бўлмоқда.
Карлсон савол қўйди: агар АҚШ ҳақиқатан ҳам шунчалик қудратли бўлса, нега у Эронни Ҳормуз бўғозини очишга мажбур қила олмаяпти? У бу ҳолатни жиддий муаммо сифатида баҳолаб, “биз ўзимиз айтганчалик кучли эмас эканмиз”, деган хулосага келди.
Шарҳловчига кўра, бундай вазият нафақат мамлакат нуфузига путур етказади, балки хавфли оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. У “оддий давлат” сифатида таърифлаган Эроннинг бундай таъсир кўрсатиши АҚШ учун салбий сигнал эканини таъкидлади.
Карлсон, шунингдек, мавжуд ҳолатни яширмасдан, очиқ тан олиш ва хулоса чиқариш зарурлигини урғулади. “Бу ҳолатни тўғрилаш учун, аввало, нима юз берганини ростдан ҳам тан олишимиз керак. Энди ёлғонга ўрин йўқ”, — деди у.
Ушбу баёнот халқаро майдонда турли муносабатларга сабаб бўлиб, АҚШнинг ҳарбий салоҳияти ва глобал таъсири ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди.