2026-2027: 1-синфга қабулда янги электрон тизим!
Ўзбекистонда 2026-2027 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнлари тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий равишда маълум қилди.
Қайд этилишича, қабул икки босқичда амалга оширилади:
- 20 июнь – 31 июль оралиғида микроҳудуд доирасида;
- 1 август – 31 август оралиғида микроҳудуддан ташқари онлайн тарзда аризалар қабул қилинади.
Шу билан бирга, онлайн қабул амалга ошириладиган туман ва шаҳарлар сони 64 дан 135 тага, мактаблар сони эса 1956 дан 5689 тага кўпайтирилди. Барча аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва my.maktab.uz орқали топширилади.
Янги ўқув йили учун қабул ёши анъанага мувофиқ 7 ёшдаги болаларга мўлжалланган, яъни 2026-2027 ўқув йили учун 2019 йил 31 декабргача туғилган болалар.
Онлайн тизим ҳали жорий қилинмаган ҳудудларда қабул оддий тартибда мактаблар томонидан амалга оширилади. Қолаверса, қабул жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча маълумотлар мактабларда очиқ эълон қилинади.
Маълум қилинишича, 12 номдаги ўқув қуроллари бўлган Президент совғалари жорий йилнинг 20 августига қадар барча мактабларга етказилади.
Энди ота-оналар ва болалар учун биринчи синфга кириш жараёни анча осонлашади, барчаси онлайн ва қулай тизим орқали амалга оширилади.