Исроил Эронга зарбаларни тўхтатди, аммо ҳужумлар давом этмоқда
Бугун, 8 апрель куни Исроил Мудофаа кучлари (САХАЛ) Эрон ҳудудига зарбалар бериш тўхтатилганини расман эълон қилди. Шу билан бирга, Ливан ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилиши маълум қилинди.
САХАЛ матбуот хизмати томонидан тарқатилган расмий баёнотда қайд этилишича, қарор сиёсий раҳбарият топшириғи асосида қабул қилинган. Унга кўра, Исроил томони Эрон йўналишида ўт очишни тўхтатган бўлса-да, ҳар қандай таҳдид ёки қоидабузарликка зудлик билан жавоб қайтаришга тайёр турибди.
Бундан ташқари, Ливан ҳудудида “Ҳизбуллоҳ”га қарши нишонли қуруқлик операциялари изчил давом этмоқда. Ҳарбийлар вазиятни мунтазам равишда таҳлил қилиб бораётгани, зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўрилиши ҳам таъкидланган.
Фронторти қўмондонлиги эса хавфсизлик ҳолатини доимий назорат остида ушлаб турибди. Мудофаа чораларига оид ҳар қандай янгиликлар юзага келганда, жамоатчиликка тезкор равишда етказилиши билдирилган.
Шунингдек, мамлакат фуқароларига расмий кўрсатмаларга қатъий амал қилиш, эҳтиёт чораларини сусайтирмаслик тавсия этилган.